Рақамли Ўзбекистон: Бюрократиядан холи, шаффоф ва тезкор хизматлар сари янги одим!
2026-01-09 08:55:00 / Янгиликлар

Билиш фойдали: 2025 йил 1 декабрдан нималар ўзгарди?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 сентябрдаги ПФ–157-сонли Фармони ижроси доирасида 2025 йилнинг сўнгги ойидан бошлаб фуқаролар ҳаётини енгиллаштирувчи қуйидаги тарихий ўзгаришлар ҳаётга тадбиқ этилди:
• Никоҳ қайд этишда ортиқча ҳужжатларга чек қўйилди: ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини қоғоз шаклида талаб қилиш тартиби бекор қилинди. Эндиликда барча маълумотлар электрон базалар орқали ўзаро алмашинади.
• Суд қарорини кўтариб юриш шарт эмас: Никоҳдан суд тартибида ажралганда, далолатнома ёзувини шакллантириш учун суд қарорини ФҲДЁга тақдим этиш мажбурияти олиб ташланди. Тизим автоматик равишда суд қарорини "Электрон ҳукумат" тизимидан олади.
• Тех-паспортларда янги давр: Автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасида (тех-паспорт) мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинди. Бу эса яшаш жойи ўзгарганда ҳужжатни янгилаш билан боғлиқ овворагарчиликларга чек қўяди.
Келажак режалари: 2028 йилгача бўлган стратегик мақсадлар
Ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган "йўл харитаси"га кўра, давлат хизматлари тизими қуйидаги улкан кўрсаткичларни кўзламоқда:
1. "Ягона дарча"нинг мутлақ қамрови: Келгуси 3 йил ичида барча турдаги хизматлар тўлиқ "ягона дарча" тизимига ўтказилади. 2028 йилга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (мй.гов.уз) ва Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган хизматлар сони 900 тага етказилади.
2. Ақлли хизматлар (Проактив ва Композит): Инсон аралашувисиз кўрсатиладиган проактив хизматлар сони 53 тага, бир-бирига боғлиқ бир нечта хизматни биттада ҳал қилувчи композит хизматлар эса 74 тага етказилади.
3. Шахсий кабинет – Сизнинг рақамли архивингиз: 30 турдаги энг муҳим маълумотлар ва ҳужжатлар фуқаронинг шахсий кабинетида реал вақт режимида, мутлақо бепул ва доимий сақланиши таъминланади.
4. Инфратузилма кенгайиши: Олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун қулайлик яратиш мақсадида республика бўйлаб 1000 дан ортиқ замонавий инфокиосклар ўрнатилиши режалаштирилган.
"Ҳаётий вазиятлар" тамойили – Бу нима дегани?
Хизматлар энди алоҳида-алоҳида эмас, балки муайян бир ҳаётий ҳодисага боғланган ҳолда (пакетли хизматлар) таклиф этилади.
Мисол учун: Автомобиль харид қилган фуқарога бир вақтнинг ўзида ишончнома расмийлаштириш, суғурта полисини олиш, тонировка рухсатномаси ва газ балон ўрнатиш хизматлари таклиф этилади. Бу вақтни тежашнинг энг самарали ечимидир!
Хулоса ўрнида: Давлат хизматларининг рақамлаштирилиши – бу шунчаки қулайлик эмас, балки коррупция устидан ғалаба ва халққа хизмат қилишнинг энг юксак намунасидир. Янгиликлардан бохабар бўлинг ва вақтингизни қадрланг!
Наманган туман адлия бўлими
Давлат хизматлари маркази шўба мудири Маматханов Абдулазиз Аълохонович
