"Кексалар учун туризм ойлиги"
2025-11-05 10:00:00 / Янгиликлар

"Кексалар учун туризм ойлиги"
️Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 майдаги "Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги 340-сонли қарори билан ҳар йили ноябрь ойи "Кексалар учун туризм ойи" деб эълон қилинганига боғлиқ Қорақалпоғистон Республикаси "Нуроний" фонди ҳомийлигида, "Оқчакўл траверс" туристик фирмаси билан биргаликда 4 ноябрь куни Тўрткўл туманидан 50 нуронийнинг Хива шаҳрига саёҳати ташкил этилди.
Саёҳат давомида нуронийлар тарихий ва қадимий шаҳар - Хиванинг "Ичан қалъа," "Kaltaminor," "Кўҳна арк саройи," "Хон қароргоҳи," "Муҳаммад Ферузхон мадрасаси" каби тарихий обидаларига, "Паҳлавон Маҳмуд" мақбараси, "Уч авлиё," "Қайтармиш ота" зиёратгоҳларига саёҳат қилди. "Шерғозихон мадрасаси"да ташкил этилган "Ҳукмдор ва шоир" музейида Махтумқули, Ажиниёз, Бекет ота ўқиган даврлари ва ижодидан намуналарни кўриб,томоша қилишди.
Нуронийлар учун тушлик “Ичан калъа” ошхонасида ташкил қилинди. Тушликдан кейин тарихий ва замонавийлик уйғунлашиб, барпо қилинган, Хива шаҳрининг яна бир туристик масканига айланган, 25 гектар майдонда жойлашган, “Кўк кўл” кўлининг бўйида жойлашган меҳмонхона, ресторан, шарқ бозори, аквапарк, мусиқали фонтан, 3 минг кишига мўлжалланган амфитеатр, “Кўҳна Урганч” музейи ва бир қанча кинотеатр, концерт заллари, заргарлик, ҳунармандчилик савдо дўконларидан иборат “Арда Хива”(Мангу Хива) маданий хордиқ чиқариш мажмуасига ташриф буюриб, томоша қилишди ва мароқли дам олишди. Нуронийлар саёҳат учун давлатимиз раҳбари, Республикаси "Нуроний" жамғармасига ўз миннатдорчилигини билдириб, юрт тинчлиги, давлатимиз гуллаб-яшнашини сўраб дуога қўл очишди.








