ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
2026-11-08 10:30:00 / Янгиликлар

ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Тўрткўлда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари байрами юқори савияда нишонланди
Инсон саломатлигини асраш, беморлар дардига малҳам бўлишдек шарафли ва масъулиятли касб эгаларининг байрами Тўрткўл туманида катта шукуҳ билан нишонланди.
Мазкур тадбирда тумандаги тиббиёт муассасаларида фидойиларча фаолият юритаётган шифокорлар, жонкуяр ҳамширалар, фармацевтика соҳаси вакиллари ҳамда ҳурматли фахрийлар иштирок этишди.
Тадбирни Тўрткўл тумани ҳокими И.Худайбергенов очиб бериб, соҳа ходимларини қутлуғ айём билан самимий муборакбод этди. Туман ҳокими ўз нутқида юртимизда Президентимиз бошчилигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтариш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий технологияларни амалиётга кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда Тўрткўл туманида ҳам ушбу йўналишда салмоқли ишлар бажарилиб, сезиларли натижаларга эришилаётгани эътироф этилди.
Дарҳақиқат, оқ халат эгаларининг машаққатли меҳнати ҳар доим юксак билим, юракдан чиқувчи меҳр, сабр-тоқат ва чексиз фидойиликни талаб этади.
Байрам кечаси янада файзли ва қувончли дақиқаларга уланди: ўзнинг кўп йиллик самарали меҳнати, касбига садоқати ҳамда соҳа ривожига қўшган муносиб ҳиссаси билан барчага ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ илғор тиббиёт ва фармацевтика ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Тадбир давомида маданият ва санъат усталари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият улашиб, кечага ўзгача кўтаринки руҳ бағишлади. Соҳа фидойилари учун ёзилган байрам дастурхони эса юртимизда инсон қадрига берилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.








