Жўқорғи Кенгес Раиси Тўрткўл тумани ёшлари билан мулоқот қилди
2026-11-06 19:55:00 / Янгиликлар

Жўқорғи Кенгес Раиси Тўрткўл тумани ёшлари билан мулоқот қилди
Ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш давлатимиз ёшлар сиёсатида муҳим ўрин тутади. Айниқса, «Ҳар пайшанба — Ёшлар куни» доирасида ташкил этилаётган учрашувлар ёшларни қийнаётган масалаларга ечим топиш, улар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Тўрткўл туманида бўлиб, ишсиз ҳамда оталиққа олинган ёшлар билан мулоқот ўтказди.
Суҳбат давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш ҳамда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ёшлар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар, мавжуд муаммолар ва келгусида амалга оширишни режалаштираётган ташаббуслари билан ўртоқлашди. Уларнинг ҳар бир мурожаати ва таклифлари атрофлича тингланиб, тегишли йўналишлар бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси кўтарилган масалаларни эътиборсиз қолдирмаслик, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг ташаббусларини амалий қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши шахсий назоратга олинди.
Албатта, бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Каналға ағза болыў: @joqargikenes






