ТЎРТКЎЛ ТУМАНИ ҲОКИМИ И. ХУДАЙБЕРГЕНОВНИНГ ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ
2026-10-01 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

ТЎРТКЎЛ ТУМАНИ ҲОКИМИ И. ХУДАЙБЕРГЕНОВНИНГ ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, ҳурматли устоз ва мураббийлар, қадрли фахрийлар!
Сиз, ҳаётини ёш авлодга таълим ва тарбия беришдек шарафли ишга бағишлаган фидойи устоз ва мураббийларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бугун Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Тўрткўл туманида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда 6 та мактабга қўшимча бино қурилди, 3 та мактаб ва 1 та мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилинди. Янги таълим муассасаларининг фойдаланишга топширилиши ёшларимиз учун янада кенг имкониятлар яратмоқда.
Таълим соҳасидаги ютуқларимиз замирида, аввало, сиз азиз устозларнинг фидокорона меҳнати мужассам. 22-сонли мактаб ўқитувчиси Шарипбоэва Муборак Давроновнанинг «Йил ўқитувчиси» танловида ғолиб бўлиб, 616 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирлангани, 18-сонли мактаб «Миллий гвардия синфи» ўқувчиларининг ҳарбий-спорт мусобақаларида республика босқичига қадар 1-ўринни эгаллагани барчамизга фахр бағишлайди.
Айни пайтда туманимизда касбий ва олий таълим муассасалари фаолияти кенгайиб, ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарга йўналтириш, малакали кадрлар тайёрлаш учун муносиб шароитлар яратилмоқда.
Ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Сизларни ушбу қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклайман. Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, хотиржамлик ва шарафли меҳнатингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устоз ва мураббийлар!
