Хитой (Сичуань) – Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) бизнес-форуми ташкил этилди
2026-05-21 20:00:00 / Янгиликлар

Хитой (Сичуань) – Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) бизнес-форуми ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи самарали давом этмоқда. Ташриф доирасида икки томонлама иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Хитой (Сичуань) – Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) бизнес-форуми ташкил этилди.
Ушбу тадбирда Сичуань провинцияси Халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашиш кенгаши раисининг ўринбосари Ванг Гуанг Жун ҳамда 150 дан ортиқ йирик хитойлик инвесторлар ва тадбиркорлар иштирок этди.
Бизнес-форумда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан Оролбўйи ҳудудига қаратилаётган алоҳида эътибор, тадбиркорлик учун яратилган қулай инвестициявий муҳит ва махсус имтиёзлар пакети ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбир доирасида “Ji An Tai International Industries” ва “China Railway Construction Heavy Industry” каби йирик компаниялар раҳбарлари Қорақалпоғистондаги қулай бизнес муҳитини юқори баҳолаб, ҳамкасбларини ҳудуд билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.
Учрашувлар якунида икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқувчи қатор муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Иқтисодий ривожланишда ҳамкорликни ривожлантириш глобал ассоциацияси билан Нукус шаҳрида хитойлик инвесторларни жалб қилиш бўйича махсус офис ташкил этиш юзасидан меморандум имзоланди.
Шунингдек, форум доирасида чорвачилик, балиқчилик, электротехника, геология, қишлоқ хўжалиги, мудофаа мақсадларида дронлар ишлаб чиқариш ҳамда мебель саноати йўналишидаги йирик компаниялар билан самарали музокаралар ўтказилиб, уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини Қорақалпоғистонда жойлаштириш масалалари келишиб олинди.
Бизнес-форум якунларига кўра, автомобилсозлик, агросаноат ва тўқимачилик соҳаларида умумий қиймати 245 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестициявий шартномалар пакети имзоланди.



