Кумуш тола хирмони
2026-05-18 16:00:00 / Янгиликлар

“Янгиҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли азалдан деҳқончилик ва пиллачилик ҳадисини олган. Бу ерда кўп йиллардан буён ушбу соҳада мактаб яратган, ўз ишининг устасига айланган пиллакорлар талайгина.
Ана шундай илғорлардан бири — "Ибратли оила" кўкрак нишони соҳибаси, пиллакор Ойхон опа Султоновадир. Пилла боқиш сир-асрорларини қайнонасидан ўрганган онахон ҳозирги кунда нафақат ўз келинларига,балки пиллачилик соҳасига энди кириб келган ёшларга ҳам устозлик қилмоқда.
Пилла қурти худди ёш боладай бўлади, деганлари тўғри гап. Чунки, биргина нуқта бўлиб турган уруғдан катта пилла хирмонини яратиш жараёни пиллакордан катта куч ва маҳорат талаб қилади.
Ўз ўрнида пиллачилик тармоғи маҳалла аҳолиси бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Ойхон опанинг оиласи ҳам бу мавсумда яхшигина даромад олишни режалаштирган.
Туман ҳокими ўринбосари И.Жумабаэва пиллакорларнинг хирмонларига барака тилаб, ўзининг илиқ фикрларини билдирди.
"Ҳашар — элга ярашар", деганларидек, бугунги хирмон териш маросимида ёш-у қари, қўни-қўшнилар Ойхон опанинг хонадонига йиғилган. Машаққатли, аммо шарафли меҳнат қилаётган Тўрткўл пиллакорларининг саъй-ҳаракатлари юқори ҳосилдорликка замин яратмоқда.







