Тўрткўлда пиллачилик: Машаққатли меҳнатнинг кумуш самараси
2026-05-15 10:00:00 / Янгиликлар

Тўрткўлда пиллачилик: Машаққатли меҳнатнинг кумуш самараси
Тўрткўл туманида ипак қурти парвариши ва пилла етиштириш ишлари айни қизғин паллага кирди. Тумандаги 30 та маҳалланинг ҳар бирида бугун заҳматкаш пиллакорлар юртимиз хирмонига муносиб ҳисса қўшиш учун сидқидилдан меҳнат қилмоқдалар.
Хусусан, «Яшнаобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли азалдан деҳқончилик ва пиллачилик ҳадисини олган. Бу ерда кўп йиллардан буён ушбу соҳада мактаб яратган, ўз ишининг устасига айланган пиллакорлар талайгина.
Ана шундай илғорлардан бири — «Қорахонбойли Холбай» МЧЖ раҳбари Норгул опа Салиэвадир. Қарийб 40 йилдан буён пилла қурти боқиш билан шуғулланиб келаётган Норгул опа бу ҳунарни ота-онасидан мерос қилиб олган. Бугунги кунда у кишининг оила аъзолари — турмуш ўртоғи (халқ таълими ходими) ва келини (тиббиёт ходими) ҳам ишдан бўш вақтларида «кумуш тола» етиштиришда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишади.





