Тўрткўлда «Ҳалоллик ороллари» дастури жорий этилмоқда
2026-05-06 12:00:00 / Янгиликлар

Тўрткўлда «Ҳалоллик ороллари» дастури жорий этилмоқда
Тўрткўл туманида «Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари учун махсус ўқув семинари ташкил этилди.
Мазкур семинар давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган «Ҳалоллик ороллари» дастурини амалиётга татбиқ этишга бағишланди.
Семинар давомида давлат хизматчилари орасида одоб-ахлоқ қоидалари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали миллий ва халқаро механизмлари тўғрисида сўз юритилди.
Тадбир якунида иштирокчилар соҳадаги янги қонунчилик талаблари ва коррупция хавф-хатарларини баҳолаш бўйича зарур кўникмаларга эга бўлдилар.






