Расмий муносабат
2026-03-11 19:00:00 / Янгиликлар

РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларда фуқаро А.Р. томонидан билдирилган танқидий фикрлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:
1. Фуқаронинг 2026 йил 4 февралдаги мурожаати асосида 7 феврал куни ҳоким ёрдамчиси томонидан тавсиянома берилган ва банк билан кредит шартномаси имзоланган. Бироқ, 2026 йил 16 феврал куни банк ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда, шартномада кўрсатилган чорва моллари (ғуножинлар) хонадонда мавжуд эмаслиги аниқланган. Маҳсулот амалда етказиб берилмагани сабабли, фирибгарлик ва маблағларни мақсадсиз ишлатишнинг олдини олиш мақсадида кредит ажратиш рад этилган.
Жорий йилнинг 4 март куни фуқаро "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури доирасида қайта ариза берган. Ушбу жараёнда юзага келган тушунмовчиликлар бўйича қуйидаги ҳуқуқий асослар мавжуд:
ПҚ-49-сонли ва ПҚ-55-сонли қарорлар талаби: Маҳсулот маркетплейс орқали харид қилинганда, кредит маблағи маҳсулот етказиб берилгани банк ва ҳоким ёрдамчиси томонидан мониторинг далолатномаси орқали тасдиқланганидан сўнг ўтказиб берилади.
Кредит ажратиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, ҳар бир босқич фуқаронинг Электрон рақамли имзоси (ЕРИ) орқали тасдиқланади. Бу эса маблағларни учинчи шахслар томонидан ўзлаштириш имкониятини мутлақо истисно қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 373-сонли қарорига асосан кредит ажратиш қуйидаги занжир асосида амалга оширилади:
Ариза бериш (Фуқаро томонидан).
Ўрганиш ва тавсиянома (Ҳоким ёрдамчиси томонидан).
Кредит шартномаси (Банк томонидан).
Олди-сотди шартномаси (Таъминотчи ва фуқаро ўртасида).
Ҳисоб-фактура ва далолатнома (Маҳсулот етказилгач).
Маблағ ўтказиб берилиши (3 банк иш кунида).
Фуқаро А.Р. билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, шартномани бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тартиблари ўргатилган ҳамда юзага келган муаммо бартараф этилган.
Фуқаролардан ижтимоий тармоқларда маълумот тарқатишда холисликка риоя қилиш, асоссиз маълумотлар тарқатмаслик ҳамда юзага келган масалалар бўйича ваколатли идораларга мурожаат қилишларини сўраймиз.
АТБ “Микрокредитбанк” Тўрткўл банк хизматлар маркази
