Тўрткўл туман прокурори Н.ДЖоламановнинг аҳолига мурожаати
2026-02-24 10:00:00 / Янгиликлар

Азиз ватандошлар!
Бугунги кунда, Муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатдаги барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу ислоҳотларнинг туб моҳияти, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, халқнинг тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Юртбошимиз қарорлари билан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди.
Ҳуқуқ - тартиботни мустаҳкамлаш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликнинг умуммиллий иши ҳамда муҳим вазифасига айланди.
Барча куч ва воситалар, жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар қилинди.
Бу борада кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик янада кучайтирилди.
Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш фаолиятини самарали ташкил этиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мувофиқлаштирувчи йиғилиши ўтказилди.
Мазкур йўналишда ҳар бир ҳудуддаги криминоген вазиятдан келиб чиққан ҳолда манзилли чора - тадбирлар белгиланди.
Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича фаолиятимизни “маҳаллабай” ташкил этдик.
Унга кўра, ҳар бир маҳаллага алоҳида ёндашган ҳолда, манзилли иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
Бунда, “маҳалла еттилиги” томонидан аҳолининг ижтимоий муаммолари аниқланди ва “жиноятларнинг ижтимоий профилактикаси”га таянган ҳолда ҳал этилди.
Амалга оширилган чоралар ҳамда кенг жамоатчилик
билан узвий ҳамкорликда олиб борилган тизимли
профилактик тадбирлар натижасида:
- олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 110 тага ёки
18.2 фоизга, шундан жиноят содир этган шахслар 2 нафарга
ёки 18 фоизга камайишига эришилди;
- 49 та маҳалланинг 80 фоиз ёки 43 тасида жиноят
содир этилмади;
- «қизил» тоифадаги маҳаллалар 2 тадан 2 тага ёки
100 фоизга камайди.
Ҳурматли фуқаролар !
Республикамизда бошқа ҳудудларда бўлгани каби содир этилаётган жиноятларнинг аксарият қисмини ўғрилик, фирибгарлик ва йўл транспорт ҳодисалари жиноятлари ташкил этади.
Ўтган йилда содир этилган ўғрилик жиноятининг ярмидан кўпи фуқароларимиз ўз мол - мулкларини қаровсиз қолдириб, шароит яратганлиги оқибатида юз берган.
Шу боис, аҳоли гавжум жойлар ва кўп қаватли
уйлар атрофида виктимологик тадбирлар ўтказилиб, минг дан ортиқ қаровсиз қолдирилган мол - мулклар аниқланди
ва эгаларига огоҳлантирилган ҳолда қайтарилди.
Ҳурматли фуқаролар!
Кейинги вақтларда содир этилаётган жиноятларнинг деярли тенг яримини кибермаконда содир этилаётган жиноятлар ташкил этмоқда.
Албатта, фуқароларимизни кибер таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мазкур соҳага замонавий дастурий - техник ечимлар
ва янгича иш усулларини жорий этиш бўйича комплекс
чоралар кўрилмоқда.
Аммо, ҳар биримиз ўзимизда бу турдаги жиноятларга
қарши иммунитет хосил қилмасак кўзланган натижага эришиб бўлмайди.
Таҳлилларга кўра, фуқароларимиз эътиборсизлиги ёки осон пул топиш илинжида интернет тармоқлари орқали
келган ҳар ҳил файлларни ёки ҳаволаларни очишлари натижасида ўзларининг шахсий маълумотларини кибер- макондаги жиноятчиларга тақдим этиб, уларнинг осонлик
билан пулларини қўлга киритилишига йўл очиб берилмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Фурсатдан фойдаланиб умумий жиноятлар ичида салмоғи юқори бўлган автоаварияларга эътиборингизни қаратсам.
Ўтган йил ва жорий йилнинг ўтган даврида йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлар содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга ошган.
Ҳайдовчиларнинг йўл харакати қоидаларга беписанд бўлганликлари оқибатида бегуноҳ 2 нафар шахс ҳаётдан бевақт кўз юмди.
Қадрли юртдошлар !
- жамиятда хавфсиз муҳитни таъминлаш ишларига барчамиз бирдек масъулият билан ёндошсак;
- ўз уйимиз, ўз маҳалламиз, ўз юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигига дахлдорлигимизни чуқур ҳис қилсак;
- жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга ҳар биримиз ўз хиссамизни қўшсак оиламиз, маҳалламиз, юртимиз тинч ва осойишта масканга айланади.
