Замонавий пахтачилик: самарадорлик сари янги қадам
2026-02-23 10:00:00 / Янгиликлар

Замонавий пахтачилик: самарадорлик сари янги қадам
Тўрткўл туманида пахта етиштиришда илғор тажрибаларни жорий этишга бағишланган кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди. Унда ҳудудларда қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, пахтани Хитой технологияси асосида экиш ва қўшқатор усулини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов раҳбарлик қилди. Унда Тўрткўл, Элликқалъа, Амударё ва Беруний туманлари ҳокимлари, соҳа мутахассислари ҳамда фермерлар иштирок этди.
Семинарда пахта майдонларини 76х10 см. ли қўшқатор схемасига ўтказишнинг афзалликлари атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур усул бир гектардаги туп сонини кўпайтириш орқали ҳосилдорликни оширади, шу билан бирга пахта териш техникаларининг самарали ишлашини таъминлайди. Плёнка остига экиш эса намликни сақлаш, ўғитлар самарадорлигини ошириш ҳамда кўчатларнинг баравар униб чиқишига хизмат қилади.
Амалий жараёнда замонавий сеялка ва культиваторларнинг ишлаш тартиби намойиш этилди, фермерларга аниқ тавсиялар берилди.
Жорий йилда Тўрткўл туманида 2090 гектар майдонда плёнка остига қўшқатор усулида чигит экиш, 5710 гектар очиқ майдонда эса қўшқатор схемасини қўллаш режалаштирилган.
Шунингдек, ғаллани биринчи озиқлантириш, дала маданиятини ошириш, қишлоқ хўжалиги техникаларини мавсумга тайёрлаш ҳамда 2026 йил ҳосили учун картошка етиштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Семинар якунида ҳар бир туман ҳокими 2026 йил ҳосили учун қўшқатор усулида чигит экиш бўйича белгиланган режалари билан таништирди.
Зеро, илғор технологияларни амалиётга жорий этиш — юқори ҳосил ва барқарор ривожланиш гаровидир.









