Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва БМТТД кўмагида "Ҳалоллик ороли" ёндашувини кенг қўлламоқда
2026-01-27 14:00:00 / Янгиликлар

Семинар: Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва БМТТД кўмагида "Ҳалоллик ороли" ёндашувини кенг қўлламоқда
Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл тумани, 2026 йил 27 январь - Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича "Ҳалоллик ороли" методологиясининг иккинчи босқичи ишга туширилди. Бу ёндашув мамлакатнинг қатор ҳудудларида илгари амалий натижаларини кўрсатган маҳаллий бошқарув моделини кенгайтиришни назарда тутади.
Лойиҳанинг ишга туширилиши Тўрткўл туманида бўлиб ўтди ва унда миллий ва халқаро ҳамкорлар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Атажанов Алишер, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тохташева, Тўрткўл тумани ҳокими Илхомбой Худайбергенов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегациясининг Иккинчи котиби ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи Христос Ма иштирок этди.
Иккинчи босқич 2024-2025 йилларда Вобкент тумани, Жиззах шаҳри ва Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган дастлабки тажрибага асосланиб амалга оширилмоқда. Биринчи босқич доирасида маҳаллий ҳокимият органлари давлат бошқарувининг коррупцияга энг моил соҳаларида коррупция хавф-хатарларини аниқлаш, ички тартиб-қоидаларни қайта кўриб чиқиш ва маҳаллий шароитларга мос келадиган амалий ечимларни келишиб олиш учун бир қатор тизимли семинарлар доирасида ҳамкорликда иш олиб бордилар. Натижада, ҳар бир тажриба ҳудуди ўзининг 2025-2026 йилларга мўлжалланган Стратегик йўл харитаси ва Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқди. Бу ҳужжатларда давлат органларининг кундалик фаолиятида коррупция хавфини камайтириш бўйича аниқ қадамлар белгилаб қўйилган. Ушбу режалар маҳаллий мансабдор шахсларнинг ўзлари томонидан ишлаб чиқилгани сабабли, улар ҳақиқий амалиётга асосланади ҳамда кучли маҳаллий иштирок ва натижа учун жавобгарлик билан таъминланади.
Бу тажрибага асосланиб, Ўзбекистон 2026 йилда мазкур ёндашувни яна олтита туман, яъни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани, Навоий вилоятининг Конимех тумани, Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани, Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани, Наманган вилоятининг Поп тумани ва Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида татбиқ қилмоқда. Бундан мақсад синов босқичидан олинган сабоқларни қўллаш ва ҳалоллик амалиётини маҳаллий ҳокимликларнинг кундалик ишига айлантиришдир.
Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши билан яқин ҳамкорликда БМТТД мазкур методологияни Ўзбекистон шароитига мослаштириб, ҳудудларда ёндашувни жорий этишни қўллаб-қувватлайдиган коррупцияга қарши курашиш бўйича мутахассисларнинг миллий гуруҳини тайёрлади.
Кўзда тутилган бу кенгайтирилган босқич ички тартиб-қоидаларни такомиллаштириш, рақамли назоратни кучайтириш ва маҳаллий даражада коррупциянинг олдини олишда жамоатчиликнинг янада фаол иштирокини рағбатлантиришга қаратилади.
Маълумот учун: Коррупцияга қарши курашиш бўйича “Ҳалоллик ороли” методологияси халқаро миқёсда эътироф этилган ёндашув бўлиб, Марказий, Шарқий ва Жануби-Шарқий Европанинг 11 та мамлакатида ҳамда 30 дан ортиқ маҳаллий бошқарув органларида қўлланилган. 2011 йилда ушбу методология “БМТнинг давлат хизматига қўшган ҳиссаси учун” мукофотига (БМТ Давлат хизмати мукофоти) сазовор бўлди ва Венадаги Халқаро коррупцияга қарши кураш академияси ҳамда Гаага маҳаллий бошқарув академияси каби нуфузли муассасаларда ўқитилмоқда.
Бу методология фақат айрим шахсларни жазолашга эътибор қаратиш ўрнига, маҳаллий ҳокимият органларига ўз тизимларидаги заиф томонларни аниқлаш ва маҳаллий шароит ҳамда ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган амалий ечимларни жорий этишга кўмаклашади. Ўзбекистонда мазкур методология Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастуриннг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш" қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.









