ҚОРАҚАЛПОҚ ҚЎБИЗИ
2025-12-20 14:00:00 / Янгиликлар

ҚОРАҚАЛПОҚ ҚЎБИЗИ
Қўбиз (қобиз, қıл-қобиз, нар-қобиз) – туркий халқларнинг қадимий, торли, камонли чолғу асбоби бўлиб, у асосан Қозоғистон, Қорақалпоғистон, Бошқирдистон, Татаристон каби ҳудудларда машҳурдир. Бу соз ноёб ва қадимий овозга эга бўлиб, кўпинча халқ мусиқасида, достонларда ва маросимларда ишлатилади.
Тарихий манбаларда мазкур асбоб туркий халқларнинг энг севимли торли-тирнама шаклидаги мусиқа чолғуси сифатида таʼрифланган. Бу шаклдаги қўбиз (ҳозирги дўмбирага яқин) қирғизларда қўмуз, хакасларда хомис номи билан сақланган. Ўзбек, қозоқ, қорақалпоқларда қўбиз – торли-камонли чолғу сифатида машҳур.
Қорақалпоқ (ХВИИИ асрга қадар қозоқ) жировларида, шунингдек, бахши-шомонларда қўбиз асосий чолғу ҳисобланган. Майин, нолаларга бой товушга эга ушбу мусиқий асбоб қўбиз Ўзбекистонда 1930йилларгача Бухорода мақом ансамбллари таркибида бўлган. 1940–1950-йилларда қўбизнинг реконструксия қилинган (прима, алт, бас ва бошқалар) турлари халқ чолғулари оркестри таркибига киритилган.
Халқимизнинг ноёб ва табаррук мусиқий асбоби саналмиш Қорақалпоқ қўбизининг яқин кунларда катта шов-шувларга ва юксак эътирофлар сифатида расман ЮНЕСКОнинг “Зудлик билан муҳофаза қилиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос” рўйхатига киритилгани барча ватандошларимиз учун ажойиб хушхабар бўлди. Қорақалпоқ қўбизини ясаш ва унда ижро этиш санъатининг йўлга қўйилиши маданий меросимизнинг келгуси авлод учун сақланиб қолишига асос бўлиши шубҳасиз. Айнан ушбу қарор Ҳиндистон пойтахтида ўтаётган ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитаси 20-сессиясида бир овоздан қабул қилинди. Бу таҳсинга лойиқ, албатта. Чунки ушбу маданий мерос бизга ота-боболаримиздан қолган ўлмас маданий мерос ва қўл ҳунаридир.
Қўбиз анъанавий равишда яхлит тут ёғочидан ясалади, от ёлидан қилинган икки торга эга бўлиб, ўзига хос чуқур ва бетакрор оҳанг яратади. Азал-азалдан ота-боболаримиз мазкур мусиқий асбобнинг оҳангига жўр бўлиб, халқ оғзаки ижодиёти намуналари бўлмиш достонларни зўр мамнуният билан ижро қилишган. Бироқ қўбиз ясовчи усталар ва ижрочи созандалар сафининг камайиб бораётгани туфайли ушбу санъат элементи йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда эди. Шу мақсадда қорақалпоқ қўбизи ЮНЕСКОнинг “Зудлик билан муҳофаза қилиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос” рўйхатига киритилгани бекорга эмас, албатта.
Қувонарли жиҳати шундаки, қўбиз санъати Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО рўйхатларига киритилган мерос элементлари сонини 16 тага етказди.
Қорақалпоқ жировлари — достон ижро этувчи ва шоирлар бўлиб, қўбиз жўрлигида достонлар ва тарихий ривоятларни ижро этади. Бу анъана халқнинг тарихи, дунёқараши ва маънавий меросини узлюксиз етказиб келаётган ноёб мусиқий-шеърий мактаб ҳисобланади. Улар қўбиз жўрлигида достонлар ва тарихий ривоятлар ижро этади. Жировчилик анъанаси қорақалпоқ халқининг тарихи, фалсафаси ва маънавий қадриятларини етказувчи мусиқий ва шеърий санъатнинг ноёб уйғунлиги ҳисобланади.
Демак, биз ушбу қадимий ноёб маданий мерос саналган қўбизни асраб-авайламоғимиз, келгусида моҳир усталар сонини кўпайтиришимиз, ёш авлодни мазкур масалада етарлича хабардор қилмоғимиз ҳамда мазкур билимларни келажак авлодларга етказиш зарур ва шартдир.
Саят ГИЧГЕЛДИЕВА,
Тўрткўл тумани 10-мактаб директори,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси
