Матбуот анжумани
2025-12-13 14:00:00 / Матбуот анжуманлари

Матбуот анжумани:
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси: Соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим ўзгаришлар!
Бугун тиббиёт бирлашмасининг мажлислар залида ўтказилган матбуот анжумани Янги Ўзбекистонда соғлиқни сақлашга берилаётган эътиборнинг амалий натижалари борасида бўлди. “Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янгиликлар” мавзусига бағишланган анжуманда бош шифокор Анвар Раимов туманимиз тиббиётининг бугунги даражаси, жорий этилган янгиликлар ва аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатининг ошиши ҳақида ахборот берди. Жумладан, тиббиёт бирлашмасига келган оғир касалларнинг яқинлари учун қурилган кутиш зали, болалар реанимация бўлими, янгидан қурилган туғруқхона ва замонавий тиббий ускуналар –буларнинг барчаси халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Инобат Жумабаева аёл-қизлар саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш борасидаги давлат сиёсатининг аҳамиятига тўхталиб, тиббий хизмат даражасининг ошишидан халқимизнинг чуқур миннатдор эканлигини таъкидлади. Шунингдек, "Долзарб 16 кунлик" лойиҳасида тиббиёт ходимларининг фаол иштироки муҳимлиги қайд этилди.
ОАВ вакиллари иштирокидаги савол-жавоблар самимий руҳда ўтди. Масъуллар аҳолининг тиббий маданиятини оширишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини билдирдилар.





