Тил – миллатнинг фахридир!
2025-12-01 17:00:00 / Янгиликлар

Тил – миллатнинг фахридир!
“Давлат тилига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”.
Ш. Мирзиёэв
Тарихий саналарни байрам қилиш, фахр билан ғурурланиш бир мунча осон, албатта, бироқ расмий тарзда тарихий сана сифатида белгиланиши замирида эса жуда катта фидойиликлар ётади.
Қорақалпоқ тилини чинакамига давлат тили мақомига кўтариш йўлидаги ҳаракатлар натижасида 1989 йил 1 декабрь қутлуғ сана сифатида тарихимиз саҳифаларига битилди, яъни 1 декабрь қорақалпоқ тилига давлат тиллари мақоми берилган кун байрам тарзида нишонланадиган бўлди. 1989 йил 1 декабрь куни қорақалпоқ тилига давлат тили мақомини бериш ҳақида қабул қилинган қонун шундай сўзлар билан бошланган: “Тил – миллатнинг бебаҳо бойлиги. У миллатни иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ривожланишида кучли қурол ҳисобланади...”. Ҳа, маърифатимиз дарғалари бўлган Кунхўжа, Ажинияз, Бердаҳлар орзу қилган “Тил озодлиги – дил озодлиги” орзуси рўёбга чиқди.
Бугун Ўзбекистонда бениҳоя холис тил сиёсати шаклланган. Унинг талабларига кўра, юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатларнинг тиллари ва маданиятларининг ҳурмат қилиниши ва ривожи учун барча шароит яратилган. Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига асосан “Қорақалпоқ тили ва ўзбек тили Қорақалпоғистон Республикасининг давлат тилларидир. Қорақалпоғистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб белгиланган.
Мана неча асрларки, бу диёрда турли миллат ва элатлар ўзаро оға-ини бўлиб яшаб келмоқда. Зеро, Жалолиддин Румий шундай деганлар: “Бир-бирини тушуниш – бир хил тилда сўзлашиш эмас. Бир-бирини тушуниш – бир хил туйғуни ҳис этишдир”. Дарҳақиқат, бу инсонлар бир-бирларини тушунишлари учун ўз Ватанини, тилини ва миллий қадриятларини асрамоқ муҳим инсоний бурчдир.
Сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз томонидан қорақалпоқ тилини ривожлантириш ва унинг давлат тили сифатидаги нуфузини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2020 йил 3 ноябрдаги “Қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва ўрнини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 135-сонли қарорига асосан Вазирлар Кенгашида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.
