Ҳокимият ҳақида

Термиз шаҳри — Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази, Ўзбекистон Республикасининг энг жанубий шаҳри ҳамда мамлакатнинг муҳим иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий марказларидан бири ҳисобланади. Шаҳар Амударёнинг ўнг соҳилида, Ўзбекистон Республикасининг Афғонистон билан давлат чегараси яқинида жойлашган.
Термиз шаҳри 1929 йил 26 сентябрда ташкил этилган. Умумий майдони 40,0 кв.км (0,04 минг кв.км)ни ташкил этади. Шаҳарда 37 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 2026 йил ҳолатига кўра аҳолиси 213,7 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Шаҳарда 49 632 та хонадон ва 59 348 та оила истиқомат қилади.
Термиз Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, унинг тарихи икки ярим минг йилдан зиёд даврни қамраб олади. Қадим замонларда шаҳар Буюк ипак йўлининг муҳим савдо ва маданий марказларидан бири бўлган. Археологик ёдгорликлар, жумладан Қоратепа, Фаёзтепа, Кампиртепа, шунингдек Ҳаким ат-Термизий ва Султон Саодат мажмуалари шаҳарнинг бой тарихий-маданий меросини намоён этади.
Бугунги кунда Термиз шаҳри Сурхондарё вилоятининг иқтисодий ривожланишида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Шаҳарда 2 та йирик ҳамда 500 дан ортиқ кичик саноат корхоналари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 3 та саноат зонаси (2 та ёшлар саноат зонаси ва 1 та кичик саноат зонаси) мавжуд. 2026 йилнинг беш ойи якунларига кўра саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 381,6 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, ўсиш суръати 113,6 фоизни ташкил қилди. Қурилиш ишлари ҳажми 927,1 млрд сўмга, бозор хизматлари ҳажми эса 1,6 трлн сўмдан ошди.
Термиз шаҳри халқаро транспорт-коммуникация маркази сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шаҳарда халқаро аэропорт, темир йўл вокзали, халқаро автомобиль ўтказиш пункти ва замонавий логистика инфратузилмалари фаолият юритмоқда. Бу ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш ҳамда халқаро юк ташиш хизматларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Шаҳарда аҳоли учун барча зарур ижтимоий инфратузилмалар шаклланган. Ҳозирги кунда 39 та мактаб, 203 та мактабгача таълим ташкилоти, 121 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 2 та академик лицей, 77 та спорт иншооти, 2 та музей, 11 та кутубхона, 16 та маданий мерос объекти ҳамда 2 та маданият ва истироҳат боғи фаолият кўрсатмоқда.
Коммунал ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳарда 383,9 км ичимлик суви, 871,5 км электр, 346 км табиий газ, 126,4 км оқова сув ҳамда 512 км автомобиль йўллари тармоғи аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда Термиз шаҳрида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, замонавий турар жой мажмуалари, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш инфратузилмалари барпо этилмоқда. Шу билан бирга, инвестицияларни жалб қилиш, туризм салоҳиятини ошириш, саноатни ривожлантириш ҳамда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда Термиз шаҳри ўзининг бой тарихи, стратегик географик жойлашуви, замонавий инфратузилмаси ва юксак иқтисодий салоҳияти билан нафақат Сурхондарё вилояти, балки мамлакатнинг муҳим ривожланаётган шаҳарларидан бири сифатида тараққий этиб бормоқда.
