Фарзандининг таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаган ота Қонун олдида жавоб беради.
2026-06-19 09:00:00 / Янгиликлар
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди биносида очиқ суд мажлисида, вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алиментни тўлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.
Иш ҳужжатлари таҳлил қилинганда, қарздор Давлат ижрочисининг бир неча бор огоҳлантиришларига қарамай алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб, алимент тўловидан қочиб, уларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги аниқланди.
Улардан бири, Термиз туман “Намуна” маҳалласи, Султон Саодат кўчаси 63-уйда яшовчи қарздор Р.А (исм,шарифи ўзгартирилган) бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2019 йил 8-апрелдаги буйруғига кўра, ундирувчи А.С (исм,шарифи ўзгартирилган) фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлиб, қарздор Р. А. олти йилдан ортиқ муддат мабойнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандига 53.607.031 сўмлик алимент тўлови тўлашдан бўйин товлаган.
Суд мажлисида фарзанди олдидаги масъулиятини эсидан чиқариб, оталик бурчини унутган ҳуқуқбузар Р.А суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Конституциямизнинг 77-моддасида, Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Шундай экан, ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда оилада соғлом муҳит яратишга масъул эканлигини унутмаслиги керак.
Икром Шайманов,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьяси
Турсунбой Хожиев
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судья ёрдамчиси

