Термиз шаҳар ҳокими Шарофиддин Усанович Лолаевнинг шаҳар аҳолисига мурожаати
2026-04-28 13:00:00 / Янгиликлар
Ассалому алайкум, ҳурматли термизликлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, халқимизнинг турмуш даражаси изчил яхшиланиб бормоқда. Айниқса, жамиятда адолатни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда коррупцияга қарши муросасиз курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, махсус ваколатли органлар фаолияти йўлга қўйилиб, давлат хизматлари рақамлаштирилмоқда, “очиқ бюджет” тизими жорий этилиб, давлат харидлари ва молиявий жараёнларнинг шаффофлиги таъминланмоқда. Шунингдек, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар!
Термиз шаҳар ҳокимлиги тизимида ҳам коррупцияга қарши муросасизлик тамойили асосида ишлар олиб борилмоқда. Барча корхона ва ташкилотларда қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, шахсий манфаатни устун қўйиш каби ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмайди ва бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади.
Ҳар бир раҳбар ва ходим ўз фаолиятида ҳалоллик, виждонлилик ва масъулият тамойилларига амал қилиши, ташкилот нуфузи ва обрўсига путур етказувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.
Азиз юртдошлар!
Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва фарзандларимиз келажаги бевосита ҳар биримизнинг бугунги фаоллигимиз ва фуқаролик позициямизга боғлиқ. Агар биз бир ёқадан бош чиқариб, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлсак, албатта ижобий натижаларга эришамиз.
Сизларни ҳар қандай қонунбузарлик ҳолатларига бефарқ бўлмасликка, коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этишга чақираман.
Агар давлат органлари, ташкилотлар ёки мансабдор шахслар фаолиятида коррупцияга оид ҳолатларга дуч келсангиз ёки бу борада маълумотга эга бўлсангиз, белгиланган тартибда мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатларингиз махфийлиги қатъий кафолатланади.
📞 Ишонч телефони: 76-224-13-12
📧 gov.uz/termizsh
Ишончим комилки, барчамизнинг ҳамжиҳат саъй-ҳаракатларимиз билан Термиз шаҳрини коррупциядан холи, адолат устувор бўлган, ривожланган ҳудудга айлантирамиз.

