“E-auksion шоп” электрон савдо дўконида соддалаштирилган тартибдаги аукцион савдолари ҳақида.
2026-02-16 15:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 4-октабрдаги 526-сонли қарорига асосан давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида “E-auksion шоп” электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби белгиланган.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда “Божхона-сервис” давлат муассасаси томонидан сотиш учун электрон савдо дўконига қўйилган давлат даромадига олинган мол-мулкларини электрон онлайн-савдода иштирок этиш учун электрон ариза юборган юридик ёки жисмоний шахслар савдоларда иштирок этиб сотиб олишлари мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 16-октабрдаги 540-сонли қарорига асосан хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда “E-auksion шоп” электрон савдо дўкони орқали сотиш ва ижарага бериш бўйича савдолар ўтказиш тартиби белгиланган.
Мазкур қарорга асосан, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган савдолар объектини электрон дўкон орқали сотиш ёки ижарага бериш учун жисмоний ёки юридик шахс хоҳишига кўра савдолар объектини нархини ошириб бориш тамойилида ёки эълон қилинган нархда сотиш усули орқали буюртма юборишлари мумкин.
- Нархни ошириб бориш тамойили асосида ўтказиладиган савдолар камида икки нафар иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилади.
- Бошланғич нарх буюртмачининг буюртмасига асосан белгиланади.
- Иштирок этиш учун закалат пули мол-мулк бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида белгиланади.
- Иштирокчиларнинг савдода иштирок этиш бўйича аризалари электрон дўконда хабарнома жойлаштирилган кундан савдо якунлангунга қадар автоматик тарзда қабул қилинади.
Савдо қадамлари:
• биринчи тўртта қадамда — савдо объекти бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида;
• бешинчи ва ундан кейинги қадамларда — савдо объекти бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.
Бошланғич нархи хабарнома жойлаштириш пайтида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг бараваридан юқори бўлган савдо объекти реализация қилинган тақдирда, савдонинг барча қадами, савдо объекти бошланғич нархининг 2 фоизи миқдорида белгиланади.
Савдоларни ўтказилиш муддатлари:
Савдолар электрон дўконда хабарнома эълон қилинган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да бошланади ва беш иш куни давомида, охирги иш куни 18:00 га қадар ўтказилади.
Агар лот нархини ошириш бўйича таклифни охирги тасдиқлаган иштирокчи савдони ўтказиш вақти якунланишига ўн дақиқадан кам қолганда амалга оширган бўлса, савдоларни ўтказиш вақти охирги тасдиқланган пайтдан бошлаб ўн дақиқага узайтирилади ҳамда кейинги ҳар бир таклиф савдони ўтказиш вақтини ўн дақиқадан узайтириб боради. Охирги тасдиқланган таклифдан сўнг ўн дақиқа давомида кейинг оширилган лот нархи бўйича таклиф иштирокчиларнинг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, савдолар якунланади ва охирги таклифни тасдиқлаган иштирокчи савдо ғолиби деб топилади.
“E-auksion шоп” электрон савдо дўконининг қулайликлари:
“E-auksion шоп” электрон савдо дўкони орқали ўзингизга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкларингизни икки миллиондан ортиқ фойдаланувчиси мавжуд бўлган платформага бепул жойлаштиришингиз мумкин.
Соддалаштирилган тартиб ва муддатларда давлат даромадига олинган мол-мулкларни ва хусусий мулкдорлар мол-мулкларини сотиб олишингиз мумкин.
Қиймати тўлиқ тўланган савдо объектлари бўйича баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, мулк ва мулкий ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади. Бунда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
“Электрон онлайн-аукционларни ташкил
этиш” АЖ Сурхондарё вилояти вакили Б.Жумаев
