Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги янги ёндашув
2026-02-17 09:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 24-декабрда қабул қилинган “2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” тўғрисидаги фармони, мамлакатда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ташаббусларнинг муҳим бир босқичи ҳисобланади. Ушбу стратегия болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига қарши курашишни, уларга ҳар томонлама ижтимоий ёрдам кўрсатишни ва зўравонликни олдини олишга йўналтирилган чора-тадбирларни ўз ичига олади. Фармоннинг мақсади, болаларни ҳимоя қилиш тизимини самарали ташкил этиш, жамиятда зўравонликка қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишдир. Фармоннинг биринчи қисмида, Ўзбекистоннинг Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал алянсга қўшилганлиги таъкидланади. Бу, мамлакатнинг халқаро миқёсда ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларига жиддий аҳамият беришини кўрсатади. Фармонда, 2026 йил 1-февралдан бошлаб, зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва хавф остида бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилиши белгиланган. Бу хизмат зўравонликдан жабрланган болаларга руҳий реабилитация ва оилавий терапия ёрдамларини тақдим этади. Шу билан бирга, зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга ҳам юридик ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган. Фармон, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларни ўқитиш ва уларнинг ижтимоий реабилитациясини ташкил этиш учун янги тизимлар яратади. Бу тизимда болалар махсус юртларга жойлаштирилади ва уларнинг ўқув жараёни давомида зарур кўмак ва ҳимоя таъминланади. Фармоннинг муҳим йўналишларидан бири бу жамиятда болалар ҳуқуқлари ва зўравонликка қарши курашиш бўйича тарғибот ишларини кучайтиришдир. Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг ёритиладиган тарғибот материаллари орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва зўравонликка бўлган муросасизлик муҳитини шакллантириш мақсад қилинган. Жинсий зўравонликка қарши курашишда янги тартиблар жорий этилиши кўзда тутилган. Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари бўйича ишлар фақат терговчи ва прокурорнинг қарори билан амалга оширилади, ва зўравонликдан жабрланган болалар махсус ҳуқуқий ёрдам билан таъминланади. Бу, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратишга ёрдам беради. Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янги босқичга олиб чиқади. Фармон орқали болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ва жамият ўртасида кучли ҳамкорликни таъминлайди, зўравонликка қарши курашишда янги усулларни татбиқ этади ва жамиятда болаларга нисбатан зўравонликка бўлган муросасизлик муҳитини яратади. Бу ташаббус, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқларини янада оширишга хизмат қилади
Жиноят ишлари бўйича
Термиз шаҳар судининг судя ёрдамчиси Н.Хасанова

