Фидойи ўрта тиббиёт ходимлари, азиз ва муҳтарама ҳамширалар!
2026-05-12 10:20:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ҳамширалик — шунчаки касб эмас. Бу, аввало, инсон тақдирига дахлдор бўлиш, беморнинг дардини ўз дардидек ҳис этиш, оғир дамларда унга далда ва умид бера олиш, меҳр ва эътибор билан кўмаклашишдек улуғ фазилатларни талаб этадиган шарафли миссиядир.
Ўз ишига меҳр ва садоқат билан ёндашиб, беморларга ёрдам қўлини чўзишга доимо шай турадиган ҳамшираларимизнинг заҳматли ва шарафли меҳнатини ҳар қанча эътироф этсак, шунча оз.
Бугун «ўрта тиббиёт ходими» деганда, аввало, кўз олдимизда беморларни парвариш қиладиган, муолажаларни амалга оширадиган мутахассисгина эмас, балки чуқур билим ва замонавий кўникмаларга эга, юксак масъулиятни зиммасига олган, шифокорнинг ишончли ҳамкори ва беморнинг энг яқин кўмакчиси бўлган фидойи инсон сиймоси гавдаланади.
Азиз ва муҳтарама ҳамширалар!
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва трансформация жараёнларида замонавий фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга, билимли, малакали ва ташаббускор ўрта тиббиёт ходимларининг янги авлодини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги ўзбек ҳамшираси ўзининг касбий салоҳияти, билим ва маҳорати билан тиббиётнинг барча бўғинларида муносиб ўрин эгаллаб бормоқда.
Бугун ҳамшира — бирламчи тиббий ёрдамдан тортиб, мураккаб ва юқори технологик тиббий амалиётларгача бўлган жараёнларда шифокорнинг ишончли ўнг қўли, беморнинг эса энг яқин ва меҳрибон кўмакчисидир.
Энг муҳими, ҳамшираларимиз бемор ҳаёти ва саломатлиги учун масъулиятни шифокорлар билан елкама-елка туриб баҳам кўрмоқда. Уларнинг ҳушёрлиги, тезкор қарори, касбий маҳорати ва инсоний муносабати кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ўзгаришлар натижасида ҳамшираларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақи ва устамаларини ошириш, касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, малакасини мунтазам ошириш ва замонавий тиббиёт талабларига мос шароитлар яратишга кенг йўл очилмоқда.
Албатта, бу ислоҳотлар ҳали давом этади. Келгусида ҳам ўрта тиббиёт ходимларининг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини янада юксалтириш, уларнинг билим ва малакасини ошириш, меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилган янги лойиҳа ва дастурлар изчил амалга оширилади.
Зеро, тиббиётни халқчил тизимга айлантириш, аввало, инсон саломатлигини қадрлайдиган, беморга меҳр ва эътибор билан хизмат қиладиган фидойи тиббиёт ходимларига боғлиқ.
Муҳтарама ҳамширалар!
Сизларнинг ҳар бир кунингиз инсон саломатлиги учун масъулият, меҳр, сабр ва фидойилик билан ўтади. Баъзан бир оғиз илиқ сўзингиз, биргина меҳрли нигоҳингиз ёки бемор ёнида ўз вақтида бўлишингиз унга катта умид ва куч бағишлайди.
Сизлар оқ халатни шунчаки кийим сифатида эмас, инсон ҳаёти ва саломатлиги олдидаги улкан масъулият рамзи сифатида кўтариб юрасиз.
Шу боис сизларнинг машаққатли меҳнатингиз, тун-у кун демай қилаётган хизматларингиз, инсон дардига шерик бўлиб, беморлар ҳаётига умид ва шифо олиб кираётганингиз таҳсинга лойиқ.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор 12 май — Халқаро ҳамширалар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, қалб хотиржамлиги, касбий фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, янги марралар ва доимо юксак эътироф тилайман.
Беморларга шифо улашаётган азиз қўлларингиз асло дард кўрмасин!
Оқ халатларингизга гард юқмасин, қалбингиздан меҳр ва эзгулик ҳеч қачон аримасин!
Ҳар бир қилган яхшилигингиз, ҳар бир беморга кўрсатган эътиборингиз ва ҳар бир эзгу хизматингиз ўзингизга минг карра яхшилик бўлиб қайтсин.
Хонадонингиздан файз-у барака, қалбингиздан қувонч, юзингиздан табассум аримасин. Фарзандларингизнинг бахт-у камолини, оила ва яқинларингизнинг роҳатини кўриб, узоқ ва мазмунли умр кечириш барчангизга насиб этсин!
Эл-юрт саломатлиги йўлидаги шарафли ва фидокорона хизматларингиз учун ташаккур!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва муҳтарама ҳамширалар!
Доимо соғ-омон бўлинг, халқимизнинг дуосида ва эъзозида юринг!
Худаяров Асилбек Анварович,
Тиббиёт бошқармаси бошлиғи
