Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Сирдарё вилояти ҳокимлиги (120100, Гулистон шаҳар, Ислом Каримов кўчаси 60 уй.) – маҳаллий давлат бошқарув органи ҳисобланади.
Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 8 чақириқ сессиясида (1992 йил январь) Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Сирдарё вилояти ижроия қўмитаси негизида) тузилган.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни (1993 йил 2 сентябрь), Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни (2014 йил 5 май), Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларни комплекс ривожлантиришни таъминлашда маҳаллий давлат бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (2016 йил 22 февраль), Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудий давлат бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори (2016 йил 24 февраль), Вазирлар Маҳкамасининг “Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори (2016 йил 27 апрель), Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (2016 йил 2 март)га мувофиқ фаолият юритади.
Ҳокимлик Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунида ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида белгиланган ваколатларини амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Ҳокимият тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўрнатилади ва ўзгартирилади.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги бошқарув аппарати ўз фаолиятини ҳокимнинг раҳбарлигида амалга оширади.
Ҳоким Ўзбекистон Президенти томонидан тайинланади, озод этилади ва Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади. Ҳокимнинг ваколат муддати – 5 йил.
