Сирдарёда маҳаллийлаштириш дастурини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилди
2025-07-09 08:55:00 / Янгиликлар

Сирдарёда маҳаллийлаштириш дастурини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилди
Видео: https://youtu.be/vf4dXqehQyE
Сирдарё вилоятида жорий йилнинг 6 ойи давомида 1 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган бўлиб, бу рақам режадан 156% кўп деганидир!
Бу натижалар – маҳаллий саноатни ривожлантиришда муҳим қадам, импортга боғлиқликни камайтириш йўлида эришилаётган ютуқдир.Шу билан бирга, эътибор талаб этувчи жиҳатлар бор.
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида маҳаллийлаштириш дастурининг бажарилиши ҳолати танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари режа Боёвут туманида 50%, Сардоба туманида 83% бажарилиши ҳолатига қатъий эътибор қаратиб, тегишли ҳудуд раҳбарларига муаммоларни аниқлаш, корхоналар билан очиқ мулоқот ўрнатиш, ҳар бир лойиҳанинг амалий ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Муҳокамада айрим шаҳар ва туманлар 2–3 йилдан бери маҳаллийлаштириш дастурига ҳеч қандай лойиҳа киритмаётганлигига эътироз билдирилди. Давлат раҳбарининг қарорларига асосан ҳар бир туманда 30 тадан янги импорт ўрнини босувчи инвестиция лойиҳаси шакллантирилиши шартлиги билрилди.
Эркинжон Турдимов ҳозиргача тақдим этилган 194 та лойиҳа — яхши қадам, лекин етарли эмаслигини билдирди. Айрим ҳудудларда лойиҳалар сони ва сифати бўйича етарли даражада иш олиб борилмаётганлигини танқид қилди.
Якунда вилоят раҳбари томонидан шаҳар ва туман ҳокимларига бир ҳафта муддатда дастурга янги, сифатли, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи лойиҳалар тақдим этиш вазифаси юклатилди.

