Навбатдаги тадбиркорлар қабули ўтказилди
2025-07-07 15:15:00 / Янгиликлар

Навбатдаги тадбиркорлар қабули ўтказилди
Видео: https://www.youtube.com/shorts/5Z6UGG_NrTM
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Тадбиркор — мамлакат таянчи, халқ фаровонлигининг асосий таянчи. Биз тадбиркорнинг ишончи ва розилигини қозонишимиз керак.” Айни шу ғоядан келиб чиқиб,Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан ҳар бир мурожаатга ечим топиш, ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини юракдан эшитиш ва амалий ёрдам бериш устувор вазифага айлантирилган.
Шу мақсадда анъанавий тарзда ҳар душанба куни вилоят раҳбари Эркинжон Турдимовнинг тадбиркорлар билан учрашуви ўтказилиб келинади.
Бугун Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида ўтказилган навбатдаги учрашувда 33 та тадбиркорлик субъектидан мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 22 таси масъул идоралар томонидан қабулгача ўрганилиб, ҳал этилди. Қолган 11 нафар тадбиркор эса ўз муаммоларини тўғридан-тўғри вилоят раҳбарига билдиришди.
Қабул жараёни нафақат эшитиш, балки ҳал қилишга қаратилган ёндашув асосида ўтказилди. Тадбиркорларнинг масалалари турли соҳаларни қамраб олди — мулкий ва молиявий низолар, ҳудудлар ўртасидаги шартномавий келишмовчиликлар, давлат ташкилотлари билан ҳисоб-китоб муаммолари ва бошқалар. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, аниқ чоралар белгиланди.
Шунингдек, қабул жараёнида вилоят Адлия бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси масъуллари тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар ҳамда амалий йўл-йўриқлар беришди.
Қабул якунида Эркинжон Турдимов барча даражадаги мутасаддиларга мурожаат қилиб, “Мақсадимиз – тадбиркорни югуртириш эмас, қўллаб-қувватлаш. Унинг иши юришса, юртимиз ривожланади.”дея таъкидлади.
Бундай очиқ мулоқот ва амалий ёндашувлар, албатта, вилоятда тадбиркорлик муҳити янада яхшиланиши, ишбилармонлар ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади.
