Ўткир коронар синдроми билан касалланган беморларни даволаш йўлга қўйилди
2025-01-14 12:00:00 / Янгиликлар

Ўтган йилнинг сентябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган рентгенологик эндоваскуляр жарроҳлик бўлими ўз навбатида шифохонага шошилинч юрак-қон томир патологияси билан олиб келинган беморларнинг диагностикаси ва уларни даволашда жуда қўл келмоқда. Энг асосийси, беморларга касалликнинг илк босқичларида юқори аниқликда ташхис қўйиш имконини бермоқда.
– Ўткир коронар синдром билан шифохонага олиб келинган беморларда дастлабки даврда диагностик коронарография ва юрак тож томирларини стентлаш амалиётлари ўтказилмоқда, – дейди Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиали бош шифокори Шароф Соатмуродов. – Олдинлари вилоятимизда бундай имконият йўқ эди. Шу боисдан ушбу турдаги амалиётларни бажариш учун беморлар пойтахтга, хорижга боришарди. Бу бўлса, беморларга қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Ушбу бўлимнинг очилиши вилоятимиз тиббиёти соҳасида улкан бурилиш ясади.
Қувонарли томони, ушбу аппарат ёрдамида мазкур муассасанинг малакали мутахассислари томонидан, ўтган қисқа вақт ичида 100 дан ортиқ амалиёт ўтказилди.
– Биласизми, юрак-қонтомир касалликлари ногиронлик ва ўлим кўрсаткичи бўйича биринчи ўринда туради, – дейди Ш. Соатмуродов. – Шу боисдан бу бўлим фаолиятининг Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалида йўлга қўйилгани ногиронлик ва ўлим кўрсаткичларини пасайтиришда катта аҳамиятга эга.
Айни вақтда мазкур муассасада тиббий ёрдамга муҳтож беморларнинг юрак коронар қон томирида, уйқу артерияси ва оёқ сон артерияларида юқори технологик текширувларни ўтказиш ишлари олиб борилиб, рентгенэндоваскуляр жарроҳлик йўли орқали беморларнинг юрак-қон томир ва уйқу артериясида ангиопластика ва стентлаш амалиётлари ўтказиляпти.
