Сирдарёда "Ёшлар боғи" бунёд этилади
2024-10-31 16:00:00 / Янгиликлар

—"Кўчат эккан, боғ яратган" элда азиз дейишади. — дейди "Аҳиллик" маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси, меҳнат фахрийси Абдували бобо Жамолов. —Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф муҳит ифлосланишининг олдини олиш мақсадида бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси чин маънода айтганда яхши ташаббус бўлди. Ушбу лойиҳадаги ишлар бошланмасдан олдин биргина бизнинг маҳалламизда дарахтлар сони бармоқ билан санарли бўлган бўлса, бугун эса уларнинг саноғига етолмайсиз. Доно халқимизда "Яхшидан боғ қолади" деган пурмаъно ҳикмат бор. Оилада фарзанд туғилса, унга атаб кўчат экилади. Бино, иншоот қурилса, албатта, ёнида боғ яратилади. Вилоят ҳокими ташаббуси билан бизнинг маҳаллада яратилаётган "Ёшлар боғи" келгусида ёшлар дам оладиган, турли тадбирларни ўтказадиган севимли масканга айланади. Бундан маҳалламиз аҳли хурсанд бўлиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган ҳашарда фаол иштирок этдик. Яхши ният билан ерга кўчат қададик.
Сир эмас, йил бошида Сирдарё вилояти ва унинг ҳудудларига 9 миллион 7 минг тўп мевали ва манзарали дарахт кўчати қадалган бўлса, куз мавсумида ерга 5 миллион 3 минг дона ана шундай кўчатлар қадалади.
— "Аҳиллик"да бунёд этилаётган" Ёшлар боғи" каби боғлар нафақат Гулистон шаҳрида, балки туман ва шаҳарлар ҳудудларида 21,5 гектар майдонда "Яшил боғлар", 15,2 гектар майдонда " Яшил жамоат парклари", 11,6 гектар майдонда "Яшил белбоғлар" , "Ҳокимлик боғлари" барпо этилади,—дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Элмуродов.
Айни вақтда сирдарёликлар "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш, боғ яратиш, юртни обод, янада гўзал манзиллардан бирига айлантириш йўлидаги ишларни ўз томорқаси, ҳовлиси, кўча ва маҳалласидан бошлаб юборди. Бу ишларда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган аҳоли вакиллари фаол иштирок этяпти.
