Ширинда янги оқова сув тозалаш иншооти қурилди
2024-11-05 17:30:00 / Янгиликлар

Ачинарлиси, оқова сувлар биологик, кимёвий ва механик тозалашдан ўтказилмасдан турли зовурларга оқизиб юборилган. Ушбу экологик ҳолат сўнгги йилларда аҳолига кўплаб ноқулайликлар туғдириб, уларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган эди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ислом тараққиёт банки иштирокида «Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 4,7 млн АҚШ доллари ҳисобига бунёд этилган янги иншоотнинг ишга туширилиши натижасида 19 мингдан зиёд аҳолининг оқова сув хизмати яхшиланиб, 1 750 та хонадон илк маротаба марказлашган канализация тизимига уланди.
Лойиҳа доирасида, шунингдек, Фарҳод, Дўстлик, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек маҳалласида 14,2 км янги оқова сув коллекторлари қурилди, 2 та насос станцияси реконструкция қилинди.
Иншоотни фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Заҳриддин Ҳазратқулов, сектор раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Вилоят ҳокими Германиядан келтирилган замонавий технологияларни жорий қилингани натижасида, оқова сув тозалаш жараёни самарадорлиги 90 фоизгача ошгани, лойиҳа нафақат ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, балки санитар-эпидемиологик ва экологик ҳолатни яхшиланишида аҳамиятли эканини таъкидлади.
Мутахассисларнинг билдиришича, объектда жараёнларни самарали мониторинг қилиш ва бошқаришни таъминлайдиган SCADA ва GIS тизимлари жорий этилган. Бу ерда бир кеча-кундузда 4 минг м³ оқова сув тозаланади.






