Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг «Сирдарёда бизнес қилинг» халқаро инвестиция форумидаги нутқи
2026-08-27 15:55:00 / Янгиликлар

Бугун биз Cизлар билан энг улуғ айём Ватанимиз Мустақиллигининг 35-йиллик байрами арафасида, “Сирдарёда бизнес қилинг” инвестиция форумида учрашиб турибмиз. Бу нафақат ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, балки келажак тараққиётининг янги саҳифасини биргаликда ёзиш йўлида муҳим қадамдир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, тадбиримизда шахсан иштирок этаётган дипломатик ваколатхоналар, қўшни ҳудудлар, давлат идоралари раҳбарларини кўриб турганимиздан хурсандмиз. Сизларни бу заминда кўриш –биз учун шараф ва ифтихордир.
Шунингдек, Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Осиё ва Европа мамлакатларидан ташриф буюрган бизнес вакилларга самимий ташаккур изҳор этаман.
Бугунги форумда 30 дан ортиқ делегат ва 10 га яқин давлатдан 300 дан ортиқ хорижий меҳмон иштирок этаётгани – мамлакатимизга бўлган ҳурмат, ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир.
Ҳурматли ишбилармонлар!
Сизларни кўрганимда мен келажакни, юртимизда барпо бўладиган бунёдкорлик ишларини ва янгидан яратиладиган иш ўринларини кўраман.
Сирдарёга хуш келибсиз!
Азиз форумимиз иштирокчилари!
Муҳтарам Президентимизнинг оқилона раҳбарлиги ва қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли, бугунги мураккаб глобал шароитда Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни нафақат сақлаб қолиш, балки уни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бизнесни қўллаб-қувватлашни янги формат ҳамда самарали механизмлари жорий этилаётгани – юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ўтган йилги мана шу форумимизда мен “Одамни меҳр билан қарши олсанг, у қайта келади. Сизга ишонч ва меҳр билан қараяпмиз, Сиз ҳам бизга ишонсангиз, биргаликда ғолиб чиқамиз” деган эдим.
Бугунги форумимизда эса, ўтган йили меҳмон сифатида иштирок этган инвесторлардан бир қисми мезбон инвестор сифатида иштирок этмоқда.
Мисол учун, “Лянхэ Грейд Агро”, “Тавсид Женерал”, “Вузонг Энержи”, “ФМ Ворлд”, “Лессо”, “ОТР Груп”, лардир. Сизларни кўриб турганимиздан хурсандмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳисобига эришилган натижалар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилони сиёсат ва тадбиркорларга берилаётган имкониятлар натижасида барча соҳаларда улкан ютуқларга эришмоқдамиз ва бугун биз Давлатимиз Раҳбари олдида жипслашиб, бутун халқимиз билан биргаликда “Янги Ўзбекистон”ни барпо этишда қатъият билан олға қадам қўймоқдамиз.
Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, мамалкатимиз иқтисодиётига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми эса 145 миллиард доллардан ошиб, экспорт ҳажмлари 33,4 миллиард долларга етди.
2026 йилда эса иқтисодий ўсишни юқори суръатларда сақлаб қолиш, ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинди.
Сирдарё вилоятида ҳам сўнгги 10 йилда 8 миллиард доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, шундан
2,5 миллиарддан ортиғи – хорижий инвестиция. Жорий йилда хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми ўтган йилга нисбатан яна 2,2 баробарга ўсиб, 2 млрд долларни ташкил этади.
Бу ютуқлар, аввало, металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, кимёсаноати, машинасозлик, қурилиш материаллари, Ай-Ти”, электротехника ҳамда ноёб металллар қазиб олиш каби муҳим тармоқларда ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларининг сезиларли даражада фаоллашганини яққол кўрсатиб турибди.
Давлатимиз раҳбари томонидан келгуси беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш бўйича улкан мақсадлар белгиланди.
Бунга эришиш йўлида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Жумладан:
- 120 турдаги ҳужжатни талаб қилиш бекор қилиниб, рақамлаштирилади;
- кичик бизнес фаолиятида инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текшириш учун 3 йил муддатга мораторий жорий этилади.
- қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегараси
1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилди.
Бу 600 мингга яқин кичик бизнес вакили учун қўшимча енгиллик яратади;
- Бизнесни энди бошлаётганлар учун 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириш имконияти яратилди;
- ташқи савдони кенгайтириш мақсадида Иордания билан 150 турдаги, Покистон билан 88 турдаги, Эрон ва Афғонистон билан 34 турдаги маҳсулот бўйича имтиёзли савдо битимлари тузилди. Туркманистон билан ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан ўзаро божсиз савдо режими йўлга қўйилди.
Буларнинг барчаси инвестициявий жозибадорликни тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Сирдарё - имкониятлари кенг, меҳнатсевар инсонлари билан ажралиб турадиган замин. Бу ерда ҳар бир янги лойиҳа - янги даромад ва янги тараққиёт демакдир. Бугун киритилган инвестиция эртанги кун учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Биз ҳамкорликни фақат бугунги манфаат эмас, балки узоқ муддатли натижа нуқтаи назаридан кўрамиз. Лойиҳа учун имконият, ғоя учун шароит, ташаббус учун ишончли ҳамкор бўлишга тайёрмиз.
Келинг, имкониятларни аниқ натижаларга айлантирайлик. Бугун бошланган ҳамкорлик эртага янги корхоналар ва янги муваффақиятлар билан ўз самарасини берсин.
Азиз дўстлар!
Бугунги форумнинг асосий мақсади – вилоятимизда савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлигимизни ҳар томонлама чуқурлаштиришдир.
Шу билан бирга, бизда юқоридаги кўрсаткичларни янада юқори марраларга олиб чиқиш учун саноат, савдо, транспорт, логистика, туризм, “Ай-Ти” ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга катта салоҳият ва улкан имкониятлар мавжудлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бир нарсани Сизларга қайта-қайта айтишдан чарчамайман.
Мен, бутун жамоам билан биргаликда барча бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз ва инвесторлар учун барча зарур шароитларни яратишда давом этамиз. Керак бўлса ҳар бир инвестор билан лойиҳа таклифларини бирма-бир кўриб чиқишга тайёрман.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Сизларнинг бугунги форумдаги иштирокингиз
ва мамлакатимизда бизнес юритишга бўлган юксак иштиёқингиз таҳсинга лойиқдир.
Ишончим комилки, ушбу форум бевосита бизнес алоқалари жиҳатидан самарали бўлади.
Энг муҳими – фаолиятингизни ҳимоя қиладиган қонунлар бор, мулоқотга очиқ давлат ва ҳамкорликка тайёр халқимиз бор.
Келинг, бугунги форум орқали нафақат лойиҳалар, балки дўстлик кўприкларини янада мустаҳкамлайлик.
Мисол учун, саноат зоналаримизга оҳирги йилда қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган 30 та лойиҳани жойлаштирдик. Бу майдонлар 420 гектарни ташкил қилади.
Шунинг учун ҳар бир имкониятнинг ўз вақти бўлади. Сирдарё имконияти эса ҳозир. БУГУН БИЗНЕС ҚИЛИНГ, чунки эртага кеч бўлиши мумкин.
Бугунги форумда иштирок этаётган, мамлакатимизга меҳмон бўлиб келган ҳар бир инвестор, хорижий ҳукумат ва ташкилотлар вакилларига яна бир бор чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Барчангизга омад ва катта зафарлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат!





