Сирдарё вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга олиб борилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида ташкил қилинган пресс-тур
2023-12-15 00:00:00 / Пресс-релизлар

Сирдарё туманида кутиб олинган ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар "Peng-Sheng" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхона негизида ташкил қилинган "AWP" ва “Peng Sheng charm” корхоналари, Оқолтин туманидаги “Агромарказ”, Мустақиллик маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, Янгиер шаҳридаги “Мебелсозлик кластери” ва Ховос туманида Туркиянинг “Cengiz Enerji” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилган иссиқлик электр станцияси фаолияти билан танишди.
"Peng-Sheng" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси 2009 йилда иш бошлаган. Умумий қиймати 26 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг бугунги инвестицион имконияти 100 млн АҚШ долларига чиққан. Янги иш ўринлари 2 мингдан ошди. Аввалига фақатгина керакмик кафель ишлаб чиқарилган бўлса, эндиликда бу ерда сантехника маҳсулотлари, қайта ишланган ва ишлов берилган терилар, декор панеллари, томчилатиб суғоришда фойдаланиладиган елим қувурлар, махсус сув ўтказгичлар ва плёнкалар, аёллар ва эркаклар пойабзаллари, чарм буюмлар каби ўндан зиёд лойиҳалар ишга туширилди. Маҳсулотлар экспорт географияси МДҲ давлатлари, Хитой ва Европагача чўзилди. Жорий йилнинг апрель ойида қиймати 10 млн. АҚШ доллари бўлган мармар тошларидан 40 турдаги тайёр маҳсулот тайёрлаш ва терининг чиқиндига чиқариб юбориладиган “оқсил” қисмидан желатин ишлаб чиқариш лойиҳаларига старт берилди.
"AWP" корхонасининг устав фонди 7,5 млн АҚШ долларини ташкил этади. Турли хилдаги 2 млн донадан ортиқ сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 400 киши иш билан таъминланган. Мақсад санитар-техника маҳсулотлари учун юқори технологиялар асосида сместител, ёпиш арматуралари(зулфин)ини ишлаб чиқариб, ички бозор талабларини тўлақонли қондириш ва маҳсулотлар экспортини оширишдан иборатдир.
“Peng Sheng charm” – терини қайта ишлаш ва желатин ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 4,2 млн АҚШ долларига тенг. Йилига 1 500 метр квадрат турли ўлчамдаги табиий чарм ҳамда 468 минг кг желатин маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар Хитой ҳамда МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.
Қиймати 5 млн АҚШ долларилик "Oqoltin agro markaz" “Сардоба универсал кластер” пахта-тўқимачилик кластери томонидан ташкил қилинган. Марказда ўсимликларни ҳимоя қилиш, тупроқ ва сув таҳлили лабораторияси, агроном маслаҳати, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриш ва қишлоқ хўжалиги техникалари хизматлари кўрсатилади. Шунингдек, марказ қошида агромаркет ва ветеринария дорихонаси ҳам фаолият юритиб келмоқда.
Туманнинг Мустақиллик маҳалласида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, қисқа фурсатда ҳудуд қиёфаси замонавий кўринишга келтирилди.
Бу ердаги мавжуд 16 та кўп қаватли уйларнинг барчаси реконструкция қилинди. Бўш майдонлар кўкаламзорлаштирилди. 1 километр ички йўллар асфальтланиб, янги лотоклар қурилди. Пиёдалар йўлаклари, ўриндиқлар, чиқинди қутилари ва 50 дона янги темир бетон устунлар, замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 2 та трансформатор пункти янгиланди ҳамда 3 километр ҳаво тармоғи тортилди. Шунингдек, янги қуриб битказилган маҳалла фуқаролар йиғини биноси, «Work out», 5 та болалар майдончаси, сунъий қопламали футбол майдони, 8 та жамоат ҳожатхонаси, 6 та тандирхона ва 1 та ҳаммом, "Bookcafe", хотин-қизларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш маркази фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 7 апрелдаги вилоятимизга ташрифи давомида Сирдарёни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича “илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш зарурлигини таъкидлаган ва бу борада Хитой тажрибасига таяниш қўл келиши айтилган эди. Чунки бу давлат мазкур соҳаларда катта ютуқларга эришган. Қолаверса, хитойлик инвесторларнинг ҳам вилоятга қизиқиши катта. Шу аснода ўтган давр мобайнида вилоятимиз расмийлари ва тадбиркорлардан иборат делегациянинг Хитойга бир неча бор сафари уюштирилди. Ўтказилган музокараларда кўплаб манфаатли келишувларга эришилди. Айни вақтда эса ушбу келишувлар босқичма-босқич амалга татбиқ этилмоқда.
Бунга биргина Янгиер шаҳрида ташкил қилинган лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган мебелсозлик кластери яққол мисол бўла олади. Авваллари фақатгина ДСП доскалари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланган корхона вакиллари Хитойга ташрифи давомида ҳамкор топиб, ўз фаолиятини янада кенгайтиришга эришди.
Эндиликда бу ерда йилига 35 миллиард 465 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи 3 миллион метр квадрат ДСП ва МДФ, шунингдек, турли хилдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ускуналар Хитой ва Туркиядан келтирилган. Бунинг учун Хитойнинг “Beijing Goods Jiangsu New Material" компанияси 4 миллион доллари миқдорида сармоя киритган. Яратилган янги иш ўринлари сони 100 тани ташкил этмоқда. Келгусида экспорт ҳажмини 1,5 миллион долларга, иш ўринларини 500 тага етказиш кўзда тутилган.
Ховос туманида яна бир йирик инвестицион лойиҳа — Туркиянинг "Cengiz Enerji" компанияси томонидан қуввати 220 МВт бўлган газ-поршенли электр станцияси қурилиши муваффақиятли амалга оширилди. Станцияга ўрнатилган қурилмаларнинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги туфайли станция йилига 1,7 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 150 млн куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Тежалган табиий газ билан қўшимча 685 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин.
Пресс-тур якунлангач “Қабуллар уйида” вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиевнинг ОАВ вакиллари ва блогерлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Вилоят раҳбари ниҳоясига етаётган йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги долзарб масалаларга тўхталиб ўтди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олишди.
Қўшимча маълумотлар учун телефон: 67 225-23-69
