СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА АХБОРОТ СИЁСАТИ: АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ВА КЕЛГУСИДАГИ РЕЖАЛАР
2026-06-19 18:10:00 / Янгиликлар

Аввало, медиа тадбирлар сонига эътибор қаратадиган бўлсак, 2024 йилда вилоят бўйича жами 314 та медиа тадбир ўтказилган бўлса, 2025 йил якуни билан ушбу кўрсаткич 6247 тага етди. Бу давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва аҳоли билан мулоқот даражаси мутлақо янги босқичга кўтарилганини кўрсатади.
Энг муҳими, раҳбарларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги кучайтирилди. Ҳар 15 кунда брифинг, матбуот анжумани ёки очиқ мулоқотлар ташкил этиш орқали давлат хизматчиларининг аҳолига ҳисобот бериши тизими йўлга қўйилди. Натижада давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги мулоқот янги мазмун касб этди.
Телевидение орқали жамоатчилик билан очиқ мулоқот қилиш амалиёти ҳам янги босқичга олиб чиқилди. Агар 2024 йилда раҳбарлар томонидан бирорта ҳам жонли эфир ташкил этилмаган бўлса, 2025 йил давомида ҳокимлар ва ташкилот раҳбарлари жами 97 маротаба жонли эфирларда иштирок этиб, аҳолига ҳисобот бердилар ҳамда фуқароларнинг саволларига тўғридан-тўғри жавоб қайтардилар.
Босма оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилди. 2024 йилда вилоятимизда 7 та газета нашр этилган бўлса, бугунги кунда биргина ҳокимликлар муассислигида 14 та газета нашр этилмоқда. Ҳудудий нашрлар орасида “Янги Сирдарё” газетаси энг кўп нашр этиладиган газеталардан бирига айланди. Шу билан бирга, таҳририятнинг моддий-техник базаси тўлиқ янгиланиб, замонавий иш шароитлари яратилди.
Ахборот хизматлари институтини мустаҳкамлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Агар 2024 йилда вилоятимизда расман 48 нафар матбуот котиби фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 65 нафарга етди.
Матбуот хизматларининг моддий-техник таъминоти ҳам тубдан яхшиланди. Агар 2024 йилда бор-йўғи 4 та ҳокимлик матбуот хизматида фотоаппарат мавжуд бўлиб, бирорта матбуот хизмати хизмат автомобили билан таъминланмаган бўлса, бугунги кунда вилоятимиздаги 11 та туман ва шаҳар ҳокимликлари ахборот хизматлари учун бир хил ва замонавий шарт-шароитлар яратилди. Ҳар бир ахборот хизмати хизмат автомобили, иккитадан профессионал фото ва видеокамера, “Ronin” стабилизатори, микшер ҳамда бошқа зарур техник жиҳозлар билан таъминланди.
Эришилган натижалар биз учун якуний манзил эмас. Аксинча, улар келгуси босқичдаги янада катта мақсадлар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
2026–2027 йилларда вилоятимизда ахборот сиёсати соҳасида қуйидаги устувор вазифаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Жумладан, медиа тадбирлар сонини 2025 йилдаги 6247 тадан 2027 йилга қадар камида 8000 тага етказиш, раҳбарлар иштирокидаги жонли эфирлар ва очиқ мулоқотлар сонини 97 тадан 130 тага ошириш режалаштирилган.
Матбуот котиблари сонини 65 нафардан 80 нафарга етказиш, уларнинг малакасини мунтазам ошириш ва ҳар бир давлат органида кучли ахборот хизмати тизимини шакллантириш вазифаси белгиланган.
Давлат органлари ва ташкилотларининг ижтимоий тармоқлардаги аудиториясини камида 30 фоизга ошириш, тайёрланаётган видео контентлар ҳажмини 40 фоизга кўпайтириш ҳамда ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг рақамли платформалардаги аудиториясини камида 50 фоизга кенгайтириш чоралари кўрилади.
Шунингдек, журналистлар ва блогерлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ҳар чоракда медиа-тур ва пресс-турлар ташкил этиш, ёш журналистлар захирасини шакллантириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилади.
Келгуси йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрамига қадар вилоятимизда замонавий “Матбуот уйи”ни ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур марказ журналистлар, блогерлар, матбуот котиблари ва медиа соҳаси вакиллари учун ягона ижодий ва ахборот майдони бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, жорий йил якунига қадар вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳузурида ихтисослашган “Медиа ва рақамли технологияларни жорий этиш маркази”ни ишга туширишни режалаштирганмиз. Қувонарлиси, мазкур марказни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўллаб-қувватланиб, тегишли қарор билан уни ташкил этишга розилик берилди.
Ушбу марказ давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, замонавий медиа маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни давлат бошқарувига жорий этиш, ижтимоий тармоқлар учун профессионал контент тайёрлаш, матбуот котиблари ва журналистлар малакасини ошириш ҳамда ҳудуднинг ягона медиа стратегиясини амалга ошириш бўйича ихтисослашган платформа вазифасини бажаради.
Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида Сирдарё вилоятида давлат органларининг ахборот сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилиб, рақамли коммуникациялар ва замонавий медиа бошқарув тизими шаклланади.
Бизнинг асосий мақсадимиз — давлат ва жамият ўртасидаги ишончли мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ҳар бир фуқаронинг овози эшитиладиган, ҳар бир раҳбар халқ олдида ҳисоб берадиган, очиқлик ва шаффофлик устувор бўлган тизимни шакллантиришдир.
Ишончимиз комилки, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва белгилаб олган мақсадларимиз натижасида Сирдарё вилояти мамлакатимизда ахборот сиёсати, очиқлик ва замонавий медиа муҳитини шакллантириш бўйича етакчи ҳудудлардан бирига айланади.
Вилоят ҳокимининг Ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси М.Б.Мирзаевнинг медиа-форумдаги нутқи





