Ёшлар маркази – эътибор ва масъулият марказида
2026-02-26 15:40:00 / Янгиликлар
Вилоят ҳокими Ёшлар марказида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ташриф давомида биноларнинг ҳолати, тўгарак хоналари, ахборот технологиялари синфлари, спорт ва маданий майдонлар кўздан кечирилди.
Марказ ҳудудини янада ободонлаштириш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ёшлар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Айниқса, марказ фаолиятини ёшларнинг қизиқиши ва ташаббусларига мос равишда ташкил этиш, стартап ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида урғу қаратилди.

Шунингдек, жорий йил 24 февраль куни бўлиб ўтган Президент селектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ўргатиш, замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Ташриф якунида мутасаддиларга белгиланган вазифалар ижроси юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгилаб берилди. Ёшлар маркази нафақат тадбир ўтказиладиган жой, балки ғоялар шаклланадиган, келажак пойдевори қўйиладиган маскан бўлиши кераклиги қайд этилди.
