Ҳокимят ҳақида
Шароф Рашидов тумани (собиқ номи Жиззах тумани) — Жиззах вилоятидаги туман. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Майдони 1,44 минг км². Аҳолиси 247,3 минг киши (2025 йил).
Шимолда вилоятнинг Фориш, Зафаробод, Пахтакор туманлари, ғарбда Ғаллаорол тумани, шарқда Зарбдор, Зомин туманлари, жанубида Бахмал тумани билан чегарадош.
Шароф Рашидов туманида 48 маҳалла фуқаролари йиғини (Қахрамон, Истиқлол, Қўшкўприк, Тошкентлик, Мулканлик, Қатортол, Бўстон, Саройлик, Тараққиёт, Яхтанлик, Эски Тошкентлик, Кулписар, Суғдуёна, Куёвбоши, Янги диёр, Ҳалқобод, Олмачи, Ғозғонтепа, Пастки Сулоқли, Қанғли, Нурафшон, Ёйилма, Токчилиқ, Равалиқ, Якка қайрағоч, Учтепа, Зиёкор, Хавастлик, Жиззахлик, Совунгарлик, Маданият, Қораянтоқ, Оқтошота, Туёқли, Файзиобод, Бобур, Хайробод, Катта қишлоқ, Шариллоқ, Ёшлик, Курпасой, Самарқандқудуқ, Умар, Нонисангил, Равот, Тинчлик, Янгиобод, Янгихаёт) бор. Маркази — Учтепа шаҳри.
Табиати
Шароф Рашидов тумани рельефи паст-текислик, қир ва тоғлардан иборат. Ғарбида Қўйтош ва жанубида Молгузар тоғ тизмалари жойлашган. Фойдали қазилмалардан вольфрам, оҳактош ва бошқалар бор. Иқлими кескин континентал. Июлнинг ўртача температураси 28—30°, январники —2 дан —4° гача, Йилига ўртача 425 мм ёғин тушади. Вегетация даври 210—215 кун. Асосан бўз, оч бўз тупроқлар тарқалган. Туман Сангзор дарёси ва Туятортар канали орқали Зарафшондан суғорилади. Шароф Рашидов туманидан Равотсой ва бир неча кичик сойлар оқиб ўтади.
Аҳолиси
Аҳолиси асосан ўзбеклар; шунингдек, қозоқ, эроний, тожик, лўли, қирғиз, рус, бошқалар яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км² га 5 минг киши тўғри келади.
