ЖИЗЗАХЛИК ЖАҲОНГИР ЗОКИРОВ ХАЛҚАРО РИНГДА НАВБАТДАГИ ҒАЛАБАСИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ!
2026-11-18 17:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 14 ноябрь куни Саудия Арабистони Қироллигининг Ар-Риёд шаҳрида профессионал бокс бўйича «Zuffa Boxing 13» халқаро турнири бўлиб ўтди.
Дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган кучли боксчилар иштирокидаги мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Жаҳонгир Зокиров ҳам рингга кўтарилди.
Супер оғир вазн тоифасида, 6 раундга мўлжалланган жангда ҳамюртимиз канадалик боксчи Брендон Колантониога қарши баҳс олиб борди.
Жангнинг дастлабки раундидаёқ Жаҳонгир рақибига кучли зарбалар бериб, ўз устунлигини намойиш этди. Биринчи раунд якунида канадалик боксчининг мураббийлар штаби жангни давом эттирмасликка қарор қилди. Натижада ғалаба Жаҳонгир Зокировга техник нокаут орқали насиб этди.
Ушбу муваффақият орқали Жаҳонгир профессионал боксдаги кетма-кет учинчи ғалабасини қўлга киритди.
Жиззахлик боксчининг халқаро рингдаги навбатдаги зафари — юртимиз спорти учун яна бир қувончли натижа!




