ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДА ЗАМОНАВИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ УСКУНАЛАРИ ШОУРУМИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ
2026-10-30 14:00:00 / Янгиликлар

Очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, тадбир қатнашчиларини табриклади. Мазкур маскан ўз бизнесини бошлаш ёки мавжуд фаолиятини кенгайтириш истагидаги фуқаролар учун муҳим амалий имконият эканини таъкидлади.
Шоурумда қадоқлаш, озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, совутиш, пластмасса буюмлари тайёрлаш, металл ва шишага ишлов бериш, лазер технологиялари ҳамда полиграфия йўналишларидаги ускуналар намойиш этилмоқда.
Эндиликда фуқаролар ускуналарни бевосита кўриш, ишлаш жараёни билан танишиш, синовдан ўтказиш ҳамда ўз эҳтиёж ва имкониятларига мосини танлашлари мумкин.
Ускуналар нархи қуввати ва техник имкониятларига қараб, 2 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача белгиланган. Қимматроқ ва махсус ускуналарни Хитой ҳамда Туркиядаги ишлаб чиқарувчилардан буюртма асосида етказиб бериш имконияти ҳам мавжуд.
Шоурумда банк мутахассислари томонидан молиялаштириш шартлари, кредит олиш тартиби ва мавжуд имтиёзлар юзасидан маслаҳатлар берилади. Қўшимча маълумотлар билан uskunalar.uz сайти орқали танишиш мумкин.
Шунингдек, мижозларга мақбул технологик ечимларни танлаш, ускуналардан хавфсиз фойдаланиш бўйича кўрсатмалар бериш, уларни етказиб бериш, ўрнатиш, ишга тушириш ва кейинги сервис хизматларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Мазкур шоурум хонадонбай ишлаб чиқариш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ҳамда аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратишга хизмат қилади.









