ҚАДРЛИ УСТОЗ ВА МУРАББИЙЛАР!
2026-10-01 09:00:00 / Янгиликлар

Сизлар фарзандларимизга билим бериш билан бирга, уларни мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган инсонлар этиб тарбияламоқдасиз. Ҳар бир дарсингиз, меҳр билан айтган сўзингиз ва берган ўгитингиз ёш авлоднинг келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Азиз устозлар!
Жорий йилда Шароф Рашидов туманида таълим соҳасида эришилган натижалар барчамизга фахр бағишлайди. Битирувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 52,7 фоизга етиб, туманимиз Жиззах вилоятида биринчи ўринни эгаллагани — аввало, Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, касбий маҳоратингиз ва изланишларингиз самарасидир.
Байрам арафасида мактабларимизда янги ўқув биноларининг фойдаланишга топширилгани ҳамда замонавий шарт-шароитлар яратилгани устоз ва ўқувчиларимиз учун муносиб туҳфа бўлди. Бу имкониятлар келгусида янада юқори марраларни эгаллашга хизмат қилишига ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиздаги барча педагогларга, мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларига, ёшларимизга касб-ҳунар ўргатаётган мураббийларга чуқур миннатдорлик билдираман. Умрини таълим-тарбия ишига бағишлаган, бугун ҳам маслаҳат ва тажрибаси билан ёш ҳамкасбларига кўмаклашаётган фахрий устозларимизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман.
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оилавий бахт ва хонадонларингизга файз-барака тилайман. Шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда куч-ғайрат, ижодий изланиш ва юксак муваффақиятлар ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин. Шогирдларингизнинг камоли ва ютуқларидан доимо фахрланиб юринг!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устоз ва мураббийлар!
Ҳурмат билан,
Шароф Рашидов тумани ҳокими
Асилбек Ашуров
