КАТТА ҲУДУДНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИ
2026-08-25 10:00:00 / Янгиликлар

ХОРИЖ ИНВЕСТИЦИЯСИ ЭВАЗИГА
Ўтган йилнинг якунлари бўйича туманнинг ташқи савдо айланмаси 58 млн 455000 AҚШ долларини ташкил этди. Ҳисобот даврида экспорт ҳажми 9 млн 640700 AҚШ долларига етиб, 2024 йилга нисбатан 115,4 фоизга ўсди. Экспорт таркибида қишлоқ хўжалиги, қайта ишланган озиқ-овқат, саноат маҳсулотлари муҳим ўрин эгаллади.
Ҳудудда 28 та хорижий сармоя иштирокидаги корхона давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, уларнинг 26 таси амалда фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналар саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларда фаолият олиб бормоқда.
Фаолият кўрсатаётган хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар томонидан 153,9 минг AҚШ долларилик экспорт амалга оширилди. Жорий йилда тўғридан-тўғри хориж сармояси асосида тўртта лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, Тоқчилик маҳалласи ҳудудидаги “Ёшлар технопарки” ҳудудида жорий йилнинг биринчи чорагида MONO LIGHTING UZBEKISTAN МЧЖ фаолиятини бошлади. Лойиҳа қиймати 30 млн доллар, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 15 млн доллар, йиллик экспорт ҳажми 5 млн долларни ташкил этувчи корхонада 32 турдаги лампалар ишлаб чиқарилиб, ички ва ташқи бозорга ҳам йўналтирилмоқда.
“Қулписар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида лойиҳа қиймати 30 млн AҚШ долларини ташкил этувчи корхона барпо этилди. Хитой инвестицияси ҳисобига фаолият юритаётган мазкур қўшма корхона жорий йилнинг апрель ойидан янги қувват билан ишлашга киришди. “FORIGHT GRANITE MINE” МЧЖ томонидан озиқ-овқат пигменти ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилаяпти. Йил якуни билан мазкур корхонада 100 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
ДРАЙВЕР ЛОЙИҲАЛАР — ҲАЁТГА!
Зарбдор тажрибаси асосида Бўстон, Саройлик ҳамда Тинчлик маҳалласи ҳудудидаги Уобсой қишлоғида драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун республика бюджети ҳисобидан жами 15 миллиард 910 миллион сўм маблағ ажратилди.
Бўстон маҳалласида фаолият юритаётган 7 та ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда ташкил этилаётган яна 12 та янги корхонанинг барқарор фаолияти учун зарур инфратузилма яратилади. Бунинг учун 4 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилди.
Саройлик маҳалласида 3,2 гектар майдонда замонавий мебелчилик маркази ташкил этилади. Лойиҳа Эски Тошкентлик, Саройлик, Яхтанлик ва Тараққиёт маҳаллалари тадбиркорлари учун ҳам янги имкониятлар яратади. Лойиҳа якунида 40 та янги тадбиркорлик субъекти фаолият бошлаб, 150 та янги иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқариш ҳажмининг 50 миллиард сўмга ўсиши ва бюджетга 9,4 миллиард сўм қўшимча солиқ тушиши таъминланади.
Тинчлик маҳалласи ҳудудидаги Уобсой қишлоғининг сой бўйида жойлашган 100 гектар майдонда экотуризмни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилади. Бунинг учун 8 миллиард 450 миллион сўм маблағ йўналтирилади. Режада 150 ўринли сиҳатгоҳ, 20 та уй-меҳмонхона, 100 та
хизмат кўрсатувчи иншоотлар барпо этилади.
“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН” МАҲАЛЛАЛАРИ
Жорий йилда тумандаги Куёвбоши ва Умар маҳаллаларини “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги намунали ҳудудларга айлантириш учун республика бюджети ҳисобидан жами 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳар бир маҳалла учун 5 миллиард сўмдан молиявий ресурс йўналтирилди.
Лойиҳа доирасида Куёвбоши маҳалласининг электр таъминотини мустаҳкамлаш мақсадида янги трансформатор ўрнатилди. 1 километр ичимлик суви тармоғи тортилди ва 3,6 километр ички йўлга асфальт қопламаси ётқизилди. Эътиборли жиҳати шундаки, маҳалладаги бўш турган бинода хорижий тилларни ўқитиш маркази ташкил этилади. Бу марказ ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашига, келгусида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.
Ушбу лойиҳалар натижасида 18 та янги хизмат кўрсатиш шоҳобчаси ишга туширилиб, яна 6 та мавжуд иншоот фаолияти кенгайтирилади. Шунингдек, 29 та янги иш ўрни яратилиши маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Умар маҳалласида 4 километр пиёдалар йўлаги қурилади, 100 та замонавий ташқи ёритиш чироғи ўрнатилади. Айни пайтда 3,4 километр ички йўл асфальтланди. Шу билан бирга, аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш мақсадида 1,5 километр лоток тармоғи қурилиб, 3 та артезиан қудуғи қазилади ҳамда янги трансформатор ўрнатилади.
Лойиҳалар натижасида маҳалла ҳудудидан ўтувчи Жиззах—Зомин автомобиль йўли бўйида 12 та янги хизмат кўрсатиш иншооти ташкил этилади. 5 та мавжуд иншоотнинг фаолияти кенгайтирилади ва 23 та янги иш ўрни яратилади.
ИШСИЗЛИКДАН ВА КАМБАҒАЛЛИКДАН ҲОЛИ ҲУДУД
Йил якунига қадар туманни ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Хусусан, 2026 йилда микролойиҳаларни ташкил этиш ҳисобига 3192 та, томорқа ва ижара ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳисобига 218 та, ишсиз аҳолини касб ҳунарга “ваучер ва буюртма” асосида ўқитиш лойиҳаси ҳисобига 678 та, молиявий қўллаб-қувватлаш орқали даромадини ошириш ҳисобига 170 та, тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш ҳисобига 625 та, драйвер лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 415 та, Агростар компаниялари ва хонадонлар кооперациялари ҳисобига 1336 та, кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредитлар ҳисобига 5978 та, ҳар бир маҳалладан 10 тадан хонадон танлаб олиниб “лойиҳа пакетлари” тақдим этиш ҳисобига 526 та, “Барқарор келажак сари” дастури доирасида 622 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 7243 та, “Тенг имкон инклюзив бандлик” дастури доирасида 162 та, мавсумий банд қилиш ҳисобига 5808 та ҳамда “Меҳнатсевар аёл” дастури доирасида 605 та янги бўш иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган.
ИХТИСОСЛАШГАН ҲУДУДЛАРДА
2026 йил —Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида ҳудуддаги маҳаллаларни ихтисослаштириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ташаббусли лойиҳалар туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. “Туёқли”, “Ёшлик” ва “Катта қишлоқ” МФЙлардаги 106 та хонадонга 6,6 гектар ер майдонни аукцион орқали иссиқхона учун (помидор, бодринг, кўкат) 6 сотихдан ажратилди. Ҳозирда биргина “Туёқли” МФЙда 420 та хонадонда 21 гектар томорқа ер майдонида хонаки усулда иссиқхоналар ташкил этилган. Иссиқхоналарни иситиш тизимига зарурат йўқ. Баҳор-ёз мавсумида табиий иссиқлик орқали помидор ва бодринг, куз-қиш мавсумида кўкатлар етиштириш режа қилинган. Хонадонлар “Агро Стар” МЧЖга бириктирилади, мувофиқлаш орқали маҳсулотлар етиштирилади ҳамда ички ва ташқи бозорга чиқарилади.
“Саройлик” МФЙ ҳудудида “Учтепа деҳқон бозори” МЧЖга қарашли майдони 0,65 гектар бўлган 1-шохобча мол бозори ўрнида савдо ва хизмат кўрсатиш маркази (“City Mall”) барпо этилади.
“Файзиобод” МФЙ ҳудудида жойлашган “Жиззах сув омбори” бўйида 5 гектар майдонда хизмат кўрсатиш, пляж ва дам олиш зоналаридан иборат туристик маскан ташкил этилади.
“BARAKA OROM SERVIS” МЧЖ томонидан “Қулписар” МФЙ ҳудудидаги 15 гектар майдонда қиймати 5 млн АҚШ долларини ташкил этувчи пахтани қайта ишлаш заводи жорий йилнинг учинчи чорагида ишга туширилади. Маълумот учун, хитойлик инвестор Ванг Юан таъсисчилигидаги жамият мутахассислари иштирокида суғориш тизими оғир бўлган ҳудуднинг 2 минг гектар майдонида пахта етиштирилмоқда. Маҳаллада ишсизлик даражаси 6,3 фоизни ташкил этади. Натижада йилига 15 минг тонна пахтани қайта ишлаш ва 12 минг тонна тола ишлаб чиқаришга эришилади. Янги корхона очилиши ҳисобига 50 та иш ўрни яратилади.
“Қахрамон” МФЙ ҳудудида “Чақмоқ” фермер хўжалиги томонидан ташкил этилган чорвачилик комплекси ўрнида сутни қайта ишлаш корхонаси фаолиятини кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилади. Қўшимча 20 млрд сўмлик инвестиция ҳисобига корхонада йилига 1,4 минг тонна сут қайта ишланади. Йигирмата янги иш ўрни яратилиб, йилига бюджетга 580 млн сўм тушум таъминланади.
НЕЪМАТЛАР ЭЛ ДАСТУРХОНИГА
Деҳқоннинг хизматидан баҳраманд бўлмаган, машаққатли ва ҳалол меҳнатини эътироф этмаган киши бўлмаса керак. Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига назар ташлар эканмиз, унда эл маъмурчилиги ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кўрамиз. Деҳқон, фермер, томорқа ер эгасининг манфаатдорлиги, топаётган даромади йил сайин ошиб бормоқда.
Ҳалол пешона тери, фидокорона меҳнати билан ердан ноз-неъмат ундириб, ҳаётимизга қут-барака, файзу қувонч олиб кирадиган туманнинг миришкор деҳқонлари жорий йилда 81000 тонна ғалла, 166 тонна пилла тайёрлаб, давлат шартномавий режасини ортиғи билан адо этишди. Айни пайтда 7100 гектар майдонга экилган чигитдан 35,7 минг тонна пахта хирмонини бунёд этиш учун астойдил бел боғланган.
Туман бободеҳқонлари томонидан шу йилнинг охирига қадар 2500 тонна гўшт, 8300 тонна сут, 500 тонна парранда гўшти, 50 млн дона тухум, 7510 тонна полиз, 4088 тонна сабзавот ҳамда 5616 тонна мева ва узум йиғиштириб олиш режа қилинган.
АЁЛЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГАНДА
Жорий йилда туманда “Аёллар дафтари”га 6750 нафар хотин-қизни киритиш режалаштирилган. Уларнинг 2278 нафари ижтимоий ҳимояга, 494 нафари тадбиркорлик қилиш истагидаги, 57 нафари уй-жой шароитини яхшилашга, 2059 нафари тиббий ва психологик ёрдамга ҳамда 1836 нафари ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар ҳисобланади.
Шу йилнинг ўтган даври давомида мазкур тоифадаги хотин-қизлар манзилли қўллаб-қувватланди. Хусусан, 321 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ҳамда кенгайтириш учун амалий кўмак берилди. Ҳомийлар ҳисобидан бир нафар эҳтиёжманд фуқаро уй-жой билан таъминланди. 31 нафар хотин-қизнинг уй-жойини таъмирлаши учун моддий ёрдам кўрсатилди. Ижара компенсацияси белгиланган 25 нафар аёлга 103 млн 824 минг сўм маблағ ажратилди. 2059 нафар хотин-қизга психологик, 1836 нафарига ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилди. Уч нафар хотин-қизнинг олий таълим муассасасидаги контракт тўловлари қоплаб берилди.
ЧЕМПИОНЛАР ТУҒИЛГАН ГЎША
Туман Спорт мактаби 2006 йил 10 январда ташкил этилган бўлиб, Янгиобод маҳалласида жойлашган. Бугун бу ерда 1317 нафар ёшлар мунтазам спорт билан шуғулланади. Шуларнинг 471 нафарини қизлар ташкил қилади. Спорт мактабида 78 нафар ходим, жумладан, 53 нафар мураббий 25 та спорт туридан ўқувчиларга машғулот ўтади.
Спорт мактабининг моддий-техник базаси ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Замонавий кураш ва бокс зали, футбол майдони, кураш гиламлари, бокс ринги, теннис столлари, машғулотлар зали, гантеллар, шахмат-шашка тўпламлари ва бошқа жиҳозлар ёш спортчилар хизматида.
Ўтган йили туман спортчилари турли республика ва халқаро мусобақаларда 218 та медални қўлга киритди. (78 та олтин, 82 та кумуш, 58 та бронза медал).
2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган ёзги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси кучли ўнталикка киришни мақсад қилган. Юқоридаги топшириқларни бажариш мақсадида Қудратулла Суннатуллаев, Асадбек Анваров ҳамда ака-сингил Жаҳонгир Зокиров ва Азиза Зокировалар лицензия олиш учун мунтазам мусобақаларда иштирок этиб келмоқда.
Жорий йилда футбол бўйича АҚШ, Канада ҳамда Мексика давлатларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ўз тарихида илк бор Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этди. Ушбу чемпионатда терма жамоамиз сафида учтепалик дарбозабон Абдувоҳид Неъматов ҳам қатнашди.
Футбол бўйича Саудия Арабистонида 17 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида туманнинг яна бир вакили Миразиз Абдукаримов Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этиб, чемпионликни қўлга киритди.
Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида туман спортчи ёшлари жаҳон ва Осиё спорт мусобақаларида 3 та олтин, 4 та кумуш 5 та бронза, Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 4 та олтин, 8 та кумуш, 8 та бронза медалларни қўлга киритди. 65 нафар спортчи республика терма жамоасининг асосий ва заҳира таркибидан жой олди. 23 нафар спортчи Ўзбекистон миллий, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибига киритилди.
“КЎМАК”ДАН КЎМАК
Туманда “Кўмак” лойиҳасидан фойдаланиш истагини билдирган 5 нафар ёшга шу йилнинг ўтган май-июнь ойларида 130 миллион сўмдан ссудалар ажратилди. Натижада туманга 550 миллион сўмга яқин инвестиция жалб этилиб, ёшлар учун қўшимча 5 та Қораянтоқ, Қанғли, Учтепа, Нонисангил ва Эски Тошкентлик маҳаллаларида замонавий ўқув марказларини ташкил этилмоқда.
Мазкур ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида яқинда туманнинг чекка ҳудудларидан бири бўлган Нонисангил маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган “Кўмак” лойиҳаси доирасида “Одил таълим” ўқув маркази фойдаланишга топширилди.
Нонисангил маҳалласида илк бор замонавий ўқув маркази фаолият бошлади. Янги ташкил этилган ўқув маркази ёшларнинг замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириши ҳамда келгусида рақобатбардош мутахассис бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
Марказда замонавий ўқув хоналари ва сифатли таълим олиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ушбу маскан маҳалладаги ёшларнинг билим олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим ўрин тутади.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, “Беш ташаббус олимпиадаси” ва спорт-фан олимпиадаларидаги натижалар яна кўплаб амалий ишлар учун йўл очмоқда.



