Ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинлар экиш бўйича амалий семинар ўтказилди
2026-06-05 14:05:00 / Янгиликлар

Семинар давомида ғалла ўрим-йиғимидан бўшаган ер майдонларига такрорий экинларни қисқа муддатларда ва сифатли жойлаштириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳамда ҳосилдорлик кўрсаткичларини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган замонавий сеялкалар ёрдамида ерга қайта ишлов бермасдан, ҳайдовсиз технология асосида мош, маккажўхори ва бошқа такрорий экинларни экиш жараёнлари амалий тарзда намойиш этилди. Мутахассислар томонидан ушбу технологиянинг афзалликлари, хусусан, вақт ва моддий ресурсларни тежаши, тупроқдаги намликни сақлаб қолиши ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, такрорий экинларни агротехник муддатларда экиш орқали қўшимча иқтисодий самарадорликка эришиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш имкониятлари юзасидан тавсиялар берилди.
Семинар якунида Шароф Рашидов тумани ҳокими томонидан ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинлар экилишини жадаллаштириш, замонавий техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Қайд этилганидек, такрорий экинларни кенг жорий этиш ер унумдорлигини ошириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтириш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.









