Шароф Рашидов туманида ғалла–2026 ўрим-йиғимига пухта тайёргарлик
2026-05-06 17:55:00 / Янгиликлар

Семинар давомида мавсум олдидан бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, мавжуд техникаларнинг тайёргарлик даражаси, уларнинг созлиги ҳамда самарали ишлашини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда туман ҳокими Асилбек Ашуров, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, вилоят ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги котибияти мудири, вилоят агроинспексия бошлиғи А. Абдуллаев, туман прокурори ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиғи иштирок этиб, ўрим-йиғим мавсумини юқори савияда, тартибли ва уюшқоқлик билан ташкил этиш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ҳамда белгиланган режаларни ортиғи билан бажариш долзарб вазифа эканини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Маълум қилинишича, жорий йилда туманда 9 300 гектар майдонга ғалла экилган бўлиб, 100 минг тонна ҳосил йиғиб олиш режалаштирилган. Ушбу юксак марраларга эришишда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Мавсумни самарали ташкил этиш мақсадида 19 та ўрим отряди шакллантирилиб, уларга 40 та замонавий комбайн бириктирилди. Шунингдек, 196 та транспорт воситаси дон ташиш жараёнларига жалб этилиши белгиланган. Қолаверса, барча комбайнлар мавсум олдидан тўлиқ техник кўрикдан ўтказилиб, уларнинг ишга шай ҳолати таъминланди.
Айни пайтда туманда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Мутасаддилар томонидан мавсумни юқори савияда ўтказиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.









