“Houyun Supply Chain” компанияси 2016-йилда Хитой Халқ Республикасининг Хэнан вилояти, Дэнчжоу шаҳрида ташкил этилган. Компания замонавий қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатувчи йирик агросервис корхонаси ҳисобланади.
2026-02-02 15:00:00 / Янгиликлар

Компания ўз фаолиятида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишни асосий устувор йўналиш этиб белгилаган бўлиб, юқори самарадор, барқарор ва экологик тоза қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган стандартлаштирилган деҳқончилик амалиётларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш тамойилларига асосланган иш юритиш, шунингдек, рақамлаштириш ва ахборотлаштириш жараёнларини кучайтиришга ихтисослашган етакчи агрохизмат кўрсатувчи компания ҳисобланади.
Айни пайтда компания Хэбэй, Хэнан, Хубэй, Хунан, Шандун, Анхуй, Сичуань, Гуанси ва Юннан каби 10 та провинция, 30 дан ортиқ шаҳар ва туманларда жойлашган 40 минг гектардан ортиқ ер майдонларини тўлиқ рақамли агрохизматлар тамойили асосида бошқариб келмоқда.
Шунингдек, “Houyun Supply Chain” компанияси вакиллари Шароф Рашидов туманига амалий ташриф буюриб, туман ҳокими Асилбек Ашуров бошчилигида туман ҳудудидаги мавжуд ер майдонлари, жумладан, Равот маҳалласида жойлашган асосий ер участкалари билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Компания Хитой қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш, ёш авлоднинг қишлоқ хўжалигига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида рақамли платформалар яратиш, илғор “ақлли” қишлоқ хўжалиги техникаларини жорий этиш, автоном (ҳайдовчисиз) фермер хўжалиги техникаларини ривожлантириш орқали қўл меҳнатини сезиларли даражада камайтириш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасига нисбатан жамиятда шаклланган “оғир ва машаққатли меҳнат” ҳақидаги тасаввурни ўзгартириб, кўплаб ёшларни ушбу соҳани замонавий, истиқболли ва жозибадор касб сифатида қабул қилишга ундамоқда. Натижада ёшларнинг қишлоқ ҳудудларида фаолият юритиши, қишлоқларни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигини юқори сифатли тараққиёт босқичига олиб чиқишга хизмат қилмоқда.






