Маҳалла ислоҳоти – амалий натижалар ва келгусидаги режалар муҳокамаси
2026-10-23 10:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни доимий иш ўринларига жойлаштириш ва барқарор даромад манбаларига эга қилиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, эҳтиёжманд оилаларни давлатимиз томонидан яратилаётган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланишга йўналтириш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда камбағалликдан чиқариш бўйича олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда ноябрь ойида бошланиши режалаштирилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кузги кўчат экиш тадбирларига пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида шаҳар ҳокими томонидан маҳаллаларда ишларни тизимли ташкил этиш, мавжуд муаммоларга манзилли ечим топиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.






