“Замонавий касблар” танловининг шаҳар босқичига старт берилди
2026-10-08 11:00:00 / Янгиликлар

Танловнинг очилиш маросимида шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов иштирок этиб, ёшларга муваффақият тилади.
Шаҳар ҳокими ўз сўзида бугунги кунда мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, ёшларни IT йўналишларига кенг жалб этиш, уларнинг замонавий билим ва касбларни эгаллаши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, рақамли технологияларни пухта эгаллаган, креатив фикрлайдиган ва янгиликка интилувчан ёшлар келажакда нафақат ўз бандлигини таъминлаши, балки янги иш ўринлари яратишга ҳам муносиб ҳисса қўшишини қайд этди.
Танловда 14–30 ёшдаги ёшлар учта йўналиш бўйича ўзаро беллашмоқда:
• График дизайн;
• Веб-сайт яратиш;
• Мобилография.
Беллашувлар давомида иштирокчиларнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, ижодий фикрлаш, дизайн ва рақамли контент яратиш борасидаги билим ҳамда амалий кўникмалари синовдан ўтказилмоқда.
Мазкур танлов ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда келгусида бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Танлов якунида ҳар бир йўналиш бўйича энг юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланади.









