**Янги корхона, янги иш ўринлари**
2026-09-24 18:00:00 / Янгиликлар
Қувасой шаҳрида “NF Textil Kimya” МЧЖ томонидан кимёвий маҳсулотлар ва саноат бўёқлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов лойиҳа ҳудудида бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари ва объектнинг бугунги ҳолати билан танишди.
Хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида замонавий технологиялар асосида саноат бўёқлари ҳамда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айни пайтда ишлаб чиқариш биносида қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.
Корхонани 2026 йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ қувватда фаолият бошлагач, 100 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳа Қувасой шаҳрида кимё саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш йўналишларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.


