**Чорвачиликда наслли қорамоллар сони ошмоқда**
2026-09-24 17:00:00 / Янгиликлар

Лойиҳа доирасида чорвачиликни замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, наслли қорамоллар сонини кўпайтириш ҳамда сут етиштириш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Австрия ва Германиядан 230 бош швед қизил-қора зотли наслли қорамол олиб келиниб, хўжаликдаги наслли қорамоллар сони янада кўпайтирилди.
Лойиҳанинг навбатдаги муҳим босқичи — етиштирилаётган сутни корхонанинг ўзида қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш. Айни пайтда бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш ва тегишли технологик жараёнларни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов хўжаликда бўлиб, чорвачилик йўналишини кенгайтириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, сутни қайта ишлаш лойиҳасини жадаллаштириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур лойиҳа Қувасой шаҳрида замонавий чорвачиликни ривожлантириш, сифатли сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилади.






