**Қувасойда автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш лойиҳаси кенгаймоқда**
2026-09-24 16:00:00 / Янгиликлар

Шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида Корея Республикасининг “Hansae Mobility” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш корхонасида бўлди.
Қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа Қувасойнинг саноат салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Корхонада замонавий технологиялар асосида автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, лойиҳанинг дастлабки босқичи ишга туширилган.
Корхона тўлиқ қувватда фаолият бошлагач, 200 нафардан ортиқ фуқаронинг доимий бандлиги таъминланиши режалаштирилган.
Ўрганиш давомида корхона раҳбарияти билан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, лойиҳанинг кейинги босқичларини амалга ошириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Инвестициявий лойиҳаларнинг изчил амалга оширилиши Қувасойда янги ишлаб чиқариш йўналишларини ривожлантириш билан бирга, аҳоли учун янги ва барқарор иш ўринларини яратишга хизмат қилмоқда.









