Қувасойда ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди
2026-08-06 13:00:00 / Янгиликлар
«Ёшлар куни» муносабати билан Қувасой шаҳридаги «Водий гавҳари» болалар оромгоҳида ёшлар иштирокида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати бошлиғи, полковник З.Тўйчиев ёшлар билан самимий суҳбат қуриб, уларнинг таълим олиши, касб танлаши ва келажакдаги мақсадлари ҳақида фикр алмашди. Учрашув давомида ёшларни Ватанга муҳаббат, юксак масъулият ва доимий изланиш руҳида камол топишга даъват этди.
Шунингдек, иштирокчиларга Қўриқлаш хизмати тизимининг фаолияти, хизматга қабул қилиш тартиблари ҳамда ушбу соҳада яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Замонавий технологиялар, хусусан сунъий интеллект ва робототехниканинг бугунги кундаги ўрни ҳамда ахборот технологияларини пухта ўзлаштиришнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Якунда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Бундай учрашувлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, замонавий касбларга қизиқишини ошириш ва уларда ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.






