Қувасойлик хориждаги ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказилди
2026-08-06 12:00:00 / Янгиликлар
Ёшлар куни доирасида Қувасой шаҳрида хорижий миграцияда бўлиб турган ҳамда хорижда таҳсил олаётган ёшлар билан онлайн мулоқот ташкил этилди. Унда Қувасой шаҳар ҳокимининг ўринбосари Алишер Мамажонов иштирок этиб, ёшлар билан самимий ва очиқ мулоқот олиб борди.

Учрашув давомида хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёшларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларини ўрганиш ҳамда Ватанга қайтгач уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун яратилаётган имкониятлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Мулоқот давомида шаҳар ҳокимининг ўринбосари давлатимиз томонидан ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредит ва субсидиялардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мавжуд дастурлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, хорижда орттирилган билим ва тажриба юртимиз тараққиёти, маҳаллалар ривожи ҳамда янги иш ўринларини яратиш йўлида муҳим омил экани алоҳида таъкидланди.
Онлайн мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб, амалий тавсия ва зарур тушунтиришларга эга бўлдилар. Билдирилган таклиф ва мурожаатлар юзасидан тегишли масъулларга зарур вазифалар белгиланди.




