Ёш тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-07-16 10:00:00 / Янгиликлар
Ёшлар куни доирасида Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов шаҳар тиббиёт бирлашмасида фаолият юритаётган ёш тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Самимий руҳда кечган учрашув давомида ёш тиббиёт ходимларининг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятларни кенгайтиришга оид фикр-мулоҳазалар муҳокама қилинди. Билдирилган ташаббуслар шаҳар ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди.
Мулоқот давомида Зафаржон Тўрақулов ёш тиббиёт ходимлари ўз устида мунтазам ишлаши, касбий билим ва малакасини ошириб бориши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, уларнинг аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишдаги ўрни беқиёс эканини алоҳида қайд этди.
Очиқ мулоқот ёш тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фикр ва ташаббусларига эътибор қаратиш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишга ундашга хизмат қилди.









