Қувасойда “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” юриш марафони ўтказилди
2026-07-16 08:00:00 / Янгиликлар
Ёшлар куни доирасида аҳоли ҳамда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, уларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда жисмоний фаолликни ошириш мақсадида Қувасой шаҳрида “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” юриш марафони ташкил этилди.

Шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги, "Ватанпарвар" ташкилоти ҳамда спорт мактаблари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ёшлар ва жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этиб, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва уни кенг тарғиб этишга ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Марафон аввалида мутасаддилар томонидан гиёҳвандлик ва бошқа зарарли одатларнинг инсон саломатлиги, руҳияти ҳамда келажагига салбий таъсири ҳақида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзи, мунтазам жисмоний фаоллик ва тўғри ҳаётий қарашларнинг жамият тараққиётидаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг иштирокчилар белгиланган йўналиш бўйлаб 5000 қадам юриб, соғлом ҳаёт тарзига содиқликларини намоён этдилар.
Мазкур марафон соғлом ҳаётга интилиш, зарарли одатлардан йироқ бўлиш, жисмоний фаолликни ошириш ва саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим тарғибот тадбирларидан бири бўлди.









