**Шаҳар прокурори ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди**
2026-07-09 14:00:00 / Янгиликлар
Ёшлар куни муносабати билан Қувасой шаҳар прокурори Сардор Аҳмаджонов 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Самимий руҳда кечган учрашув давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, ташаббус ва таклифлари тингланиб, уларнинг келгусидаги мақсад ва режалари юзасидан суҳбат олиб борилди.
Мулоқот жараёнида ёшлар ўртасида психотроп моддалар ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг олдини олиш, ушбу иллатларнинг инсон саломатлиги ва келажагига салбий таъсири, шунингдек, ёшларни турли ёт ғоялар ва зарарли одатлардан асраш масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг мактабда ташкил этилган «Заковат» интеллектуал ўйинининг ғолиблари аниқланиб, муносиб тақдирландилар.






